“BIG APPLE MUSIC AWARDS 2016” ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 4-чорагида катта ҳажмдаги ва кенг қамровли махсус лойиҳа “BIG APPLE MUSIC AWARDS 2016” бўлиб ўтиши ҳақида хабар берган эдик. Европа, яқин шарқ давлатлари ва Марказий Осиёдаги энг яхши мусиқа ва мусиқачиларни рағбатлантиришга йўналтирилган мазкур тақдимотнинг якуний босқичи ўтказилди.
27-ноябрь куни Нью Йоркда “Big Apple Music Awards 2016” - 12-халқаро мусиқали тақдимотнинг ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Мазкур нуфузли тақдимотда Россия давлатидан Вера Брежнeва, Россиянинг афсонавий хонандаси Олег Газманов, Яқин шарқ юлдузи Haifa, Andy, Европада шуҳрат қозонган Faydee, La Toya Jackson ва бошқалар иштирок этди ҳамда ғолибликни қўлга киритдилар. Ана шундай машҳур хонандалар ичида мафтункор Шаҳзоданинг аввало иштироки қолаверса, ғолиблар қаторидан жой олиши биз учун ўта қувонарли ҳолат.
27-ноябрь куни узрли сабабларга кўра Шаҳзода ушбу маросимга ташриф буюра олмади. Бироқ, ташкилотчилар энг кўп овоз тўплаган ижодкорлар қаторида хонанда Шаҳзодани ҳам ғолиб деб эълон қилишди.
Уни мувафаққияти билан қутлаб, “BIG APPLE MUSIC AWARDS 2016”нинг статуэткасининг соҳиби бўлганини айтиб ўтишди. Дунё таниган ва тан олган хонандалар қаторидан муносиб жой эгаллаш ҳар бир ижодкорнинг орзуси. Бугун Шаҳзода ҳам ана шундай тан олинган ижодкорлар қаторида. У навбатдаги ютуғи билан ўзбек санъатини янада юксакларга кўтариб, ватанимиз шарафини ҳимоя қилди.
Биз ҳам хонандани мана шундай катта лойиҳада иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритганлиги билан қутлаб, ижодий баркамоллик, юксак парвозлар тилаб қоламиз.