Ўзбекистон ёшларига мурожаат!
Ассалому алайкум азиз ватандошлар, мамлакатимизнинг эртанги куни бўлган ёшлар!
Бугунги мусибатни биргаликда енгишимиз шарт. Муҳтарам ва раҳматли юртбошимиз ўзларидан сўнг тушкунликка тушувчи ва қўрқоқ халқ қолдирмаган. Сабрли ва у зот танлаб берган йўлдан оғишмайдиган, ватанининг мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, унинг тенглар ичра тенг бўлишига бор куч-ғайрати билан ҳаракат қиладиган халқни тарбиялаганлар.
Йигирма беш йил ичида Муҳтарам юртбошимиз бошчилигида барча соҳаларда юксак ютуқларга эришдик.
Тўғри, бу ютуқларимизни кўриб, ҳавас қилгувчилар орасида, ҳасад кўзи билан ҳам боқгувчилар топилади. Ўзи келиб юзма-юз шу сўзларни айтишга юраги бетламай, қаерларгадир мисли газандадек бекиниб олиб, интернет орқали бизни онгимизни заҳарламоқчи бўлади. Улар зиё деб ғурбатга чорлаб доимо, нияти фитна урушларни қўзғайди. Иймонини бозорга сотган нокасларнинг макрига билиб-билмай илиниб қолманг! Уларнинг ҳаёти таҳдид-у ҳатар, асли виждонидан ўзи бехабар ва унутмангки айнан ўшалар туғилган ерига тошларни отар.
Интернетдаги ижтимоий тармоқлар орқали турли хил гап-сўзларни, тўқиб ёзилган саҳифаларни ўқиб тушкунликка тушманг! Улар ёдлаб олганларини билмасдан ўқийдиган саводсизларку, агарда етмаса ўзидан янги гап тўқийдиган саводсизларку! Шов-шув уюштириб, носоғлом фикрлайдиган, энг ачинарлиси, журналист номига доғ тушираётган қўштирноқ ичидаги “соҳта мухбир”лар, яъни тинчликни кўролмас юраги сўқирларнинг домига тушиб қолманг!
Дўстларим, бу обод масканга теран нигоҳ билан боқинг, ота ва онани юртга қиёслашади, демакки юрт мисли саждагоҳ.
Мамлакат раҳбари ўз иш фаолиятини бошлаган кунлардан то умрларининг охирига қадар “Ўзбекистонда яшаётган жамийки болалар, ўзимнинг болаларим, ўзимнинг фарзандларим деган гапларни бот-бот такрорлардилар. Уларни ўз жигарбандидек ардоқлардилар, қалқон бўлиб, ёвдан ҳимоя қилардилар. Ҳар бир болада ўзига бўлган ишончни уйғотдилар. “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, доно, билимли ва албатта бахтли бўлишлари шарт” деган даъватни олға суриб, янги авлодни юксак маънавият соҳиблари қилиб тарбиялашда бош-қош бўлган ҳам ўзлари эдилар.
Ватандошим унутманг! Агар шундай қайғули дамда синмасак, бизни ҳеч ким синдира олмайди. Қаранг, кўчалар сокин, осмон мусаффо. Сабаби, биз танлаган “Ўзбек модели” оғишмасдан бир маромда ишлаяпти. Шундай экан, келинг, қаддингизни тик тутинг. Буюк сарбон ҳурмати, озод ва обод Ўзбекистоннинг буюк келажаги сари олға қадам ташлайлик, Муҳтарам Президентимиз Ислом Абдуғаниевич “Фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш давр талаби” деб бежиз таъкидламагандилар.
Биз биргалашиб Муҳтарам юртбошимиз танлаб берган йўлдан оғишмай, биргаликда қадам ташлайдиган бўлсак, уларнинг руҳлари шод бўлади. Ҳурматли ёшлар, бизлар қандай улуғ инсонларнинг, қаҳрамонларнинг фарзандлари эканимизни ҳеч қачон унутмайлик.