Дунёни беринг болажонларга...
Сўнгги кунларла ижтимоий тармоқларда “Дунёни беринг болажонларга” сўзлари битилган фотосуратлар кенг тарқалди. Бу ҳодиса кўпчиликни сергакликка, шукроналар айтишга, атрофга теран кўз билан боқишга ундади десак муболаға бўлмайди.
Албатта бу фотосуратларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланувчилар томонидан катта қизиқиш билдирилди. Бу расмлар билан боғлиқ қандай янгилик бўлиши мумкин? “Янги лойиҳами ёки қандайдир акциями?”- деган кўплаб саволлар узоқ вақт очиқ қолмади. Барча саволларга хонанда Сардор Раҳимхон инстаграм орқали жавоб берди.
“Азизлар, шу юртнинг фарзанди бўла туриб, атрофдаги ҳодисаларга, она заминимдаги тинч-тотув ҳаётга, ўзга юртларда, урушларда нобуд бўлаётган инсонларга ва айниқса болажонларга ҳеч бўлмаса ижодим билан муносабат билдиришни бурчим деб билдим. Жуда оз қолди. Юртимизнинг 25 йиллигига бағишланади. “Дунёни беринг болажонларга”. Диёрим тинчлигига кўз кегмасин. Бутун дунёда урушлар тинсин. Болажонлар бахтли бўлсин. Аҳир боланинг бегонаси бўлмайди” – дея барча саволларга ойдинлик киритди. Кўриб турганингиздек, тез кунда хонанда ижодидаги янги қўшиқни қарши олишингиз мумкин. Демак, кузатишда давом этинг.