Шаҳзода барча тадбирларда мухлислар диққатида
1 ойдан кам вақт қолган концерт дастурига тайёргарлик олиб бораётган эстрадамизнинг ёқимли овоз соҳибаси, Давлат тадбирларида ҳам иштирок этишга улгурмоқда.
Бугун пойтахтимиздаги “Туркистон” саройида анъанавий Президент соврини учун ўтказиладиган “Ташаббус-2014” танлови ғолиблари тантанали равишда тақдирланди. Байрамона кечада иштирок этган эстрадамиз юлдузлари маросимга янада файз бағишладилар. Меҳмонларга юқори кайфият улашишга Шаҳзода ҳам ўзининг катта ҳиссасини қўшди.
Доимгидек гўзал ва нафис дид ила миллий матодан ўзига хос услубда тикилган саҳна либосида Шаҳзода намоён бўлганида олқишлар кети узилмади. Барчага таниш ва севимли “Қўллар тепага” таронасининг илк наволари янграши биланоқ меҳмонларнинг қўллари баланд кўтарилиб, барча қўшиққа жўр бўлди. Бундан ташқари, рақсга тушганларга ҳам нигоҳимиз тушди.
Шаҳзода аксессуар сифатида фойдаланган жажжи дўппича эса турли гап-сўзларга сабаб бўлди. Яхши маънода, албатта. Кўпчилик унинг ўзига хос юксак дид соҳибаси эканлигини тан олган бўлса, яна баъзилар зудлик билан ана шундай аксессуарни топишни мақсад қилганини эшитиб қолдик. Ҳа, эстрадамизда машҳурлик борасида етакчи ўринда турувчи Шаҳзоданинг либослари-ю барча ҳатти-ҳаракатлари мухлислар учун муҳим.
Мазкур тантанали маросимда эса мукофотга лойиқ топилганларга Диплом ва Президент соврини - Спарк автомобили ҳамда қўшимча номинациялар ғолибларига пул мукофотлари, қимматбаҳо совғалар топширилди. Шу куни уларнинг қувончига юқорида келтирганимиздек, бир қатор эстрада юлдузларимиз шерик бўлишди.