Санжар Ҳаликовдан тез кунда янги тарона “Эркатойим”
Ёш ва иқтидорли ижодкор Санжар Ҳаликов “Ширин” номли илк таронасини тақдим этганидаёқ, кўплаб мухлислар эътиборига тушган эди. Мухлислар олқишига сазовор бўлган хонанда яна-да илҳомланиб, янги лойиҳалар устида ишламоқда. Хонанданинг берган маълумотларига кўра, куни кеча у янги “Эркатойим” номли қўшиқ устида иш бошлаган. Шахбоз сўзи билан яратилаётган композиция Жасур Бадалбоев томонидан сайқалланмоқда. Тез кунда радиотўлқинлар узра жаранг сочиши кўзда тутилган бу таронага видеоклип суратга олиш ҳам режалаштирилган.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Санжар Ҳаликов айни дамда янги тарона ва клиплар билан бирга, янги альбом ёзмоқда. Номи сир тутилаётган альбомнинг яратилишида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Рашид Ҳаликовнинг ўзлари бош-қош бўлмоқда. Хонанданинг ишларига улкан муваффаққият тилаган ҳолда янги ижод намуналарини кутиб қоламиз.