Сардор Раҳимхондан узоқ кутилган премьера “Фаридам”
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сардор Раҳимхон ваъда қилган ва мухлислар узоқ кутган “Фаридам” қўшиғини радиотўлқинлар узра тингловчилар ҳукмига ҳавола қилди. Маълум қилганимиздек, тарона унинг ижодига бефарқ бўлмаган, 10 йилдан буён унга содиқ мухлис бўлиб келаётган Фарида номли қизга бағишланган. Фарида севимли хонандасига хат йўллаган. Мактубда ёзилган воқеа хонандани шу қадар таъсирлантириб юбордики, шу қизга бағишлаб қўшиқ куйлашга аҳд қилди. Реал воқеаларга асосланиб ёзилган мусиқий асарга ҳаттоки видеоклип ҳам суратга олдирди. Видео асарда Фариданинг ҳаётини кўрсатиб бериш, маромига етказиб тасвирга тушириш клипмейкер Дилмурод Агзамовга топширилган. Айни дамда клип тайёр бўлиш арафасида. Мактубда нималар битилган эканки, хонанданинг руҳиятига бу қадар каттиқ таъсир қилган бўлса? Нима сабабдан Сардор Раҳимхон бу хатга бефарқ ўтиб кетмади? Бу саволга хонанда сайтимиз орқали жавоб берди.
“Фаридам” таронаси 10-йилдан буён менга содиқ мухлис бўлиб келган, бахтсиз воқеа туфайли ногирон бўлиб қолган Фарида исмли қизнинг менга ёзган хатидаги илтимосига биноан ёзилган. Айниқса “Орзуйим кимдир мени севиб қолса, мени исмимни қўшиқ қилиб айтса...” деган сатрлари жуда таъсир қилди.” – дейди хонанда Сардор Раҳимхон. Тарона клипи тез кунда сайтимиз орқали оммага тақдим этилади. Ҳозир эса композицияга баҳо беринг.