Хонанда Шуҳрат Умарнинг клипида санъатимизнинг ёрқин вакиллари иштирок этмоқда
Аввал хабар берганимиздек хонанда Шуҳрат Умар янги таронасига видеоклип суратга олиш ишларини бошлаб юборган эди. Ҳаттоки, тасвирга тушириш жараённинг илк кунидан фотосуратларни ҳам тақдим қилгандик. Бугун мазкур жараённинг иккинчи куни ҳақида ҳам маълумот беришга аҳд қилдик.
Маълумки, клипда бош ролни Муниса Ризаева ижро этаётган эди. Хонанданинг хабар беришича, бош ролларда нафақат Муниса Ризаева балки, эстрадамизнинг ва кино санъатининг ёрқин юлдузлари иштирок этмоқда. Клипнинг қаҳрамонлари билан ҳозироқ тўлиқ танишишингиз мумкин.
“Етолмадим” деб номланган қўшиқнинг клипида Муниса Ризаева билан бирга, Муҳаммадисо Абдулҳайиров, Сардор Раҳимхон, Умид Искандаров, Наримон Султонхўжаев, Жаҳонгир Позилжонов, Жавлон Шодмонов, “Манго” гуруҳи вакиллари, Жамшид Абдуазимов ва бошқалар кутилмаган образларни ижро этишди. Суратга тушириш жараёни қизиқарли ва юқори кайфиятда ўтган бу ижод маҳсули тез кунда сайтимиз орқали намойиш этилади.
Тарона ва клипнинг муаллифларига тўхталадиган бўлсак, сўзи Шаҳноз ва Шаҳбозга тегишли. Мусиқаси Шуҳрат Умар томонидан басталанган. Композицияга Жасур Бадалбоев томонидан мусиқий безак берилган. Видеоклип Муҳаммадали Искандаров режиссёрлигида тасвирга олинмоқда. Демак, кузатинг ва кутинг. Кутишга арзигулик клип бўлиши шубҳасиз.