"Манго" гуруҳидан оригинал премъера!
Ўзгача услубда ижод қилувчи “Манго” гуруҳи янги “Дарвешман” қўшиғига тайёрланган клип премъераси билан “Popcorn.uz”да.
Узоқ кутилган клипни суратга олиш жараёнида юз берган қизиқ воқеалар, гуруҳ йигитларининг 10 кун шифохонада ётиб қолиши. Бу ҳам етмагандек Ангрен шаҳар ички ишлар ходимлари билан юз берган тушумовчилик... Хуллас, шулар ҳақида батафсил ҳикоя қиламиз.
Маҳоратли ва ёш клипмейкир Муҳаммадали Искандаров ғояси ва режиссёрлиги асосида суратга олинган “Дарвешман” клипининг тасвирга олиш ишлари Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳри ҳамда Пойтахтимизнинг Сирғали туманларида олиб борилган. Бу жараён нақ 4 ой давом этди. Клипда бош ролларни истеъдодли актёр Азиз Раметов ҳамда таниқли актриса Суғдиёна ижро этган. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчимизки, яқиндагина гуруҳнинг альбом тақдимоти бўлиб ўтган эди. Тақдимот маросимида клипнинг 70 фоиз тайёр “версияси” кўчирилган дискни “Манго”нинг маъмури эҳтиётсизлик қилиб, йўқотиб қўяди. Натижада тайёр бўлмаган клип вариантининг тарқалиб кетишига сабаб бўлади. Эндиликда, “Дарвешман” клипининг тўлиқ қайта ишланган ва оргинал ҳолатдаги премъераси сайтимиз орқали тақдим этилмоқда.
Суратга олиш жараёнидаги ҳангомалар.
Ангрен шаҳрида бўлиб ўтган суратга олиш жараёнида 100 дан зиёд турли ёшдаги болалар иштирок этган. Энг қизиқарлиси шаҳар марказидаги эски бинолардан бирида ёнғин содир этилиши зарур бўлади.
Улар бу ишни ҳам маромига етказиб амалга оширди. Бундан хабар топган Ангрен шаҳар ички ишлар ходимлари тезда воқеа содир бўлган жойга етиб келади. Клипда суратга тушаётган актёр Азиз Раметов ҳамда “Манго” гуруҳининг продюссери Қобилни олиб кетадилар. Юз берган англашилмовчиликни 5-6 соат мобайнида тушунтиришиб, клипни суратга олишни давом эттириш учун қайта рухсат оладилар. Қанийди шу билан барчасига изига тушиб кетган бўлса, бироқ ҳали ҳаммаси олдинда экан. Бу ёнғин воқеасидан сўнг бинода тумонат одам йиғилади. Тасвирга олиш ишлари ҳам бироз мушкул кечади. Негаки “Манго” гуруҳи билан бирга яна бошқа машҳурлар ҳам Ангренга ташриф буюришган эди. Мухлислар эса улар билан учрашиб, суҳбатлашишга ошиқавериб, ижодий гуруҳни анчагина қийнаб қўйишади.
Ангренда барчаси якунланиб, мана энди тасвирга олиш ишлари Сирғали туманида давом этадиган бўлди. Бу ерда ҳам анчагина тер тўкишди. Кўприкдан декорация ясаш ва тасвирга олиш кунларида об-ҳавонинг инжиқликларига бардош бериш керак эди. Гуруҳ йигитлари эса костюмда камера қаршисида туриб қўшиқ айтишига тўғри келади. Қор-ёмғир тинмай ёққан. Аёзли кун. Оқибатда гуруҳ аъзолари Азиз ҳамда Ойбек бетоб бўлиб қолади. Совуқда қолиб қаттиқ шамолагани учун 10 кун мобайнида шифохонада ётиб даволанишларига тўғри келган. Мана шундай бир-биридан қизиқ ҳангомаларни бошдан ўтказган “Манго” гуруҳи ва ижодий жамоа меҳнатига,ниҳоят бугун клип премъерасидан сўнг баҳо берасиз.