Диёрбек Маҳкамов ва Шаҳзода Муҳаммедовадан янги дуэт премьераси
Янги дуэт ижрочилари – Шаҳзода Муҳаммедова ва Диёрбек Маҳкамов 11-март санаси куни “Ўзбегим Таронаси” радиоси меҳмонига айланишди.
Премьера лойиҳасига аввал Шаҳзода Муҳаммедова ташриф буюрди. Бошловчи Жамшид Хожиниёзов дастлаб, бу дуэт қай тарзда яратилгани ҳақида савол билан мурожаат этди. Шаҳзода Муҳаммедова аслида дуэт куйлаш таклифи Диёрбек Маҳкамовдан билдирилганини ва таронани ўзи тинглаганида унга маъқул келганини айтиб ўтди.
Соат миллари 18:20 ни кўрсатган вақтида Диёрбек Маҳкамов ва Шаҳзода Муҳаммедова ижросидаги янги “Девонанг” номли дуэт янграшни бошлади. Тарона янграшидан аввал Жамшид Хожиниёзов бу дуэтга ишланган клипни ҳам томоша қилганлигини билдириб, ўз фикрлари билан ўртоқлашди:
- Клип жудаям ўзгача тарзда ишланган, долзарб мавзу нозик сюжетлар орқали тасвирлангани менга ёқди. Айтиш керак, кутилмаган клип тайёрланган. Бу видео машҳурликка эришишига ишонаман.
Ана шу вақтда студияга Диёрбек Маҳкамов ҳам кириб келди ва суҳбат яна давом этди. Қўшиқ янграгач, одатга кўра, тўғридан-тўғри эфир орқали қўнғироқлар қабул қилинди. Бу дуэтни аксарият тингловчилар илиқ қабул қилиб, жуда маъқул келганини ва сайтимиз орқали клипни томоша қилишга ошиқаётганликларини билдиришди.
Хатто бир тингловчи Шаҳзода Муҳаммедова ва Диёрбек Маҳкамов ижодий дуэт жамоа сифатида яна қўшиқлар тақдим этиш таклифини билдирди. Бироз хазиломуз тарзда ўтказилган суҳбат мароқли тарзда олиб борилди. Эндиликда сиз ҳам сайтимиз орқали нафақат ушбу таронани тинглаш, балки видеоклипини ҳам томоша қилиш имкониятига эгасиз!