Ёшлар маданият ва санъат марказида матбуот анжумани бўлиб ўтди
26-декабрь куни Ёшлар маданият ва санъат марказида 2015-йил амалга оширилган ишлари сарҳисоби тўғрисидаги матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Марказнинг лойиҳаларида фаол иштирок этиб, бир қатор мукофот ва совринларни қўлга киритган ижодкорлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Тадбирни Ёшлар маданият ва санъат марказининг директори Ж. Узаков очиб бердилар ва ўтган давр ичида олиб борилган ҳамда келгусида режалаштирилган кўплаб янги лойиҳалар ҳақида маълумот бериб ўтдилар.
Шу билан бирга, матбуот анжуманига ташриф буюрган элимиз ардоғидаги санъаткорлардан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Алишер Файз ва “Йил қўшиғи-2014” ғолиби Баҳром Назаров, “Эътироф-2015”нинг энг яхши журналисти Жамшид Умрзоқов ва “Мана мен” лойиҳаси ғолибаси Мадлен Мўминова ўз фикр ва мулоҳазалари билан ўртоқлашишди.
Қолаверса, анжуман давомида Марказ тадбирларини оммага кенг ёритишда кўмак берган оммавий ахборот воситалари вакилларига ташаккурномалар топширилди. Улар қаторида сайтимиз ҳам ташаккурнома билан тақдирланди.
Ўйлаймизки, Ёшлар маданият ва санъат маркази лойиҳалари келгусида режалаштирилганидек юртимизнинг чекка ҳудудларигача кириб боради. Марказнинг 2016-йилда кўзда тутилган мақсадларини амалга оширишда улкан муваффаққият тилаб қоламиз.