Ҳадича Қурбонова илк альбом тақдимотини ўтказди
Шоу-бизнес оламига шиддат билан кириб келган Ҳадича Қурбонова бир нечта қўшиқларини сайтимиз орқали тақдим этган эди. Сўнгги кунларда ўз устида тинмай ишлаб, бор маҳоратини кўрсатиб, халқимиз муҳаббатига эришиш истагида бўлган ёш ва умидли хонанда биринчи альбомини ёзишга ҳам улгурди. Мазкур альбом “Мани Де” деб номланган бўлиб, 14 та мусиқий асарни ўз ичига олган.
Ҳадича Қурбонова илк альбом тақдимотини яқинлари ва ҳамкасблари даврасида ўтказди. 19-декабрь куни пойтахтимизда жойлашган сўлим гўшалардан бирида бўлиб ўтган тақдимотда эстрадамизнинг ёрқин юлдузлари, иқтидорли актёр ва актрисалар, ижодкорнинг оила аъзолари иштирок этди. Жумладан Хулкар Абдуллаева, Ойбек ва Нигора, Умидахон, Шерзодбек, Суғдиёна Азимова, Абдурахмон Мавлонов ва бошқалар.
Улар ўзларининг дилтортар тароналари билан барчани хушнуд этиб, Ҳадичани илк альбом тақдимоти билан қутлашди. Самимий тилаклар билдиришди. Ҳадича ҳам бир нечта қўшиқларни куйлаб берди. Тақдимот иштирокчиларига ўз миннатдорчилигини изҳор этди.
Мазкур альбом тақдимотини ташкил этишда хонанданинг маъмури Анжелика Эсимбетова бош-қош бўлди ва тадбир кўнгилдагидек ниҳояланди. Биз ҳам умидли хонанда Ҳадича Қурбонованинг ижодига улкан парвозлар тилаймиз ва янги ижод намуналарини кутиб қоламиз.