Шуҳрат Дарёнинг концерт дастурига оз қолди
Ўзининг “Лолақизғалдоқ”, “Кўйлаклари билан чўмилган қизлар”, “Йиғламанг”, “Йиллар армони”, “Сўзласанг” ва бошқа кўплаб қўшиқлари билан мухлислар қалбидан жой эгаллаган Шуҳрат Дарё 12, 13-декабрь кунлари “Туркистон” санъат саройида “Бахт кулиб...” деб номланган жонли ижродаги яккахон концерт дастурини тақдим этиш арафасида. Саноқли кунлар қолган концерт дастурига тайёргарлик қай даражада ўтаётганини кузатиш мақсадида мазкур жараёнга қатнашишга аҳд қилдик.
Жонли ижрода концерт беришнинг машаққати анчагина. Буни тайёргарлик жараёнини ўзидаёқ кўришингиз мумкин. Ҳар бир қўшиқнинг кичик бир қисмини марoмига етказиб куйлаш учун бир неча марта қайта ижро этилишини гувоҳи бўлдик. Албатта жонли ижродаги концерт дастури нафақат хонандага, балки созандаларга ҳам катта масъулиятни юклайди. Биргина созанда келмай қолса, қолган 10-12 та созанда ҳеч нима қила олмайди. Чунки улар бир-бирига чамбарчас боғлиқ. Тайёргарлик жараёни қанчалик қийин бўлмасин, севган касби, ҳунари билан шуғулланаётганлар бундан асло нолишмайди.
Шу қатори хонанда Шуҳрат Дарё ҳам машаққатларни ўз созандалари билан бирга елкама-елка енгиб ўтмоқда. 100 фоиз жонли ижродаги мазкур дастурдан тез кунда баҳраманд бўлишингиз мумкин. Ҳозирча кузатишда давом этинг.