Муниса Ризаева узоқ қидирган таронасини топди
Октябрь ойида бўлиб ўтадиган яккахон концерт дастурига қизғин тайёргарлик кўраётган Муниса Ризаева кўпгина янги ғоялар устида ҳам ишламоқда. Бир қатор янги композициялар деярли тайёр. Улардан бири ҳақида хонанда инстаграм ижтимоий тармоғи орқали маълум қилар экан, у чексиз қувончини яшира олмади.
“Биласизми, бугун мен охири узоқ қидирган таронамни топдим. Бу қўшиқни бутун умр куйлашни орзу қилгандим. Бугун эса орзуим ушалишига бир қадам қолмоқда. Мендан доимо “нима учун Ватан ҳақида қўшиқ куйламайсиз” деб сўрашарди. Мен эса бундай композиция ўзидан ўзи тайёр бўлмаслиги ва бундай масъулиятли тарона катта меҳнат талаб қилишини айтардим. Охири мен кутган шеър ва мусиқа тайёр бўлди. Жаннатмакон диёримиз, мустақил Ўзбекистонимиз ҳақида қўшиқ куйлашдек бахт менга ҳам насиб этди. Тез кунда ушбу қувончимни сиз азизлар билан бўлишишимдан бахтиёрман.”- дейди хонанда Муниса Ризаева инстаграмдаги саҳифасига жойлаштирган видеолавҳадаги изоҳида. Шунингдек, яна бир видеолавҳа изоҳидан яратилаётган қўшиқнинг икки мисраси жой олди.
Ватан, саждагоҳим сенсиз мен кимман?
Сен борки мавж урар, кўксимда ғурур...
Ушбу мисралар ҳақиқатдан ҳам қалбларни ларзага келтиради. Кўриниб турибдики, унда ватанга бўлган муҳаббат жо бўлган. Маълумотларга қараганда, таронанинг сўзи шоир Аҳад Қаюмнинг қаламига мансуб. Демак, хонанда орзу қилган ва бутун умр қидирган ватанимизни мадҳ этувчи мазкур таронани тез кунда тинглаш ва баҳо бериш имконига эга бўламиз. Ҳозирча кузатишда давом этамиз.