Моҳимдан узоқ кутилган тарона премьераси
Санъат оламида тобора кўплаб ютуқларга эришиб бораётган хонанда Моҳим қизғин ижод уммонига шўнғиган. Аввал хабар берганимиздек, у янги тароналар, видеоклиплар яратиш билан бирга янги альбом устида ҳам ишламоқда. Унинг ҳар бир ижод маҳсули мухлисларга манзур келиб, халқимиз олқишига сабаб бўлмоқда. Ана шундай композициялардан бири бугун Ўзбегим Таронаси радиосининг премьера лойиҳаси орқали жаранг сочди. “Сенсиз” деб номланган мазкур мусиқий асар тингловчилар томонидан илиқ кутиб олинди. Таронанинг сўзи Иброҳим Жиянов томонидан ёзилган бўлиб, мусиқасини хонанданинг ўзи басталаган, Рустам Тулашев эса аранжировкасини амалга оширган. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Моҳим ушбу қўшиғига ишланган видеоклипни мухлисларини куттирмай бугуноқ тақдим этишга қарор қилди. Видеомаҳсулот режиссёр Рауф Набиев билан ҳамкорликда тасвирга олинган. Энг қизиғи, видеода суратга тушиш учун Норвегиядан маҳсус меҳмон ташриф буюрган. Гулсара Қурбонова Норвегияда яшаб, таҳсил олади. У Моҳимнинг ашаддий мухлиси бўлиб, видеоклипда роль ижро этиш учун атайлаб, юртимизга келди. Бундан ташқари клипда Ҳусан Мақсудов ҳам бош қаҳрамон образларидан бирини ижро этган. Минг марта гапиргандан кўра бир бора кўрган афзал деганларидек, ўзингиз ьаронан тинглаб, видеолкипни томоша қилинг. Марҳамат.