Хоразмнинг ширин таомлари ва қовун-тарвузларини "Еясим галди"
Шўх ва рақсга чорловчи қўшиқлари билан кўпчиликнинг қалбидан жой олган хонанда Хулкар Абдуллаева айни кунларда навбатдаги янги қўшиғи учун видеоклип яратиш ишлари билан овора. Ёзнинг иссиқ кунларида олиб борилган суратга олиш жараёнлари ижодий гуруҳ учун осон кечмади. Бу ҳақда хонанданинг ўзи шундай дейди:
"Навбатдаги "Еясим галди" номли қўшиғим учун истеъдодли режиссёр Даврон Собиров бошчилигида видео суратга олинди. Аслида, бир кунга мўлжалланган тасвирга олиш ишлари уч кунга чўзилиб кетди. Жазирама иссиқ кунда ишлаш ҳаммага бироз қийинчилик туғдирди. Аммо, клип айнан шу кунларда олиниши шарт эди. Қўшиғим асосан Хоразмнинг ширин таомлари ва қовун-тарвузлари ҳақида бўлгани учун видеоклипда ҳам айнан мевалар-у, таомларга урғу берганмиз. Хоразмда гурвак навли қовун тури мавжуд, у хандалакдан сўнг етилиб пишгани боис ҳам бу иккисини бир вақтда топиш анча мушкулроқ. Ҳозир айни вақти, яъни гурвак пишган ва хандалакни ҳам топа оламиз. Қўшиғимнинг сўзларида гурвак ва хандалак бўлгани учун, шуни инобатга олган ҳолда куннинг иссиғига қарамай ишладик. Меҳнатимиз натижасини видеоклип тайёр ҳолга келганда кўрамиз, ўйлайманки, мухлисларимизга манзур келади".
Айтиб ўтишимиз лозим, "Еясим галди" таронаси халқ сўзи, Фарруҳ Соҳиб мусиқаси ва Фурқат Бобожонов аранжировкаси билан яратилган. Ҳозирча, эътиборингизга тасвирга олиш жараёнларидан фоторепортаж ҳавола этамиз, тез кунларда эса премьерани ўтказиб юборманг.