12-февраль янги фильм премьераси

Сана: 05.02.2014 5347

12-февраль куни 17:00 да "Киночилар уйи"да ва 18:00 да Алишер Навоий номидаги кино саройида “Йигитали” номли фильм премьераси бўлиб ўтади.

Иқбол Мелиқўзиев режиссёрлигида суратга олинган картина комедия жанрида бўлиб, унда бир қатор севимли актёрлар ва актрисалар роль ижро этишган. Ҳаётда учраб турувчи воқеадан ҳикоя қилувчи фильм сценарийси Жаҳонгир Аҳмедов қаламига мансуб. Режиссёр Иқбол Мелиқўзиев картина ҳақида маълумот берар экан, комедик жанрда бўлса ҳам унда жиддий ҳаётий мавзулар кўтарилганлиги айтиб ўтди:

-Менимча, бундай воқеа ҳар бир бола ҳаётида рўй бериши мумкин. Ўспиринлик давридан ҳар биримиз ўтганмиз. Лекин бу фильмимиздаги бош қаҳрамон Йигитали ўзининг қийналган оиласини ботқоқликдан қутқариш учун кўп елиб-югуради, тинмай бу ҳолатдан чиқиш йўлларини излайди. Ўзи кичкина бўлса-да, бутун оиласи ҳақида қайғуради. Бу йўлда у бир қатор воқеаларга дуч келади. Фильм ана шу жараённи намойиш этади дейиш мумкин. Ҳозирги кундаги муаммолар кўрсатиб берилгани учун ҳам халққа яқин ва томошабинларга ёқади деб умид қиламиз. Турли ҳаёт зарбаларига дош берган Йигитали ҳақидаги фильм бугунги балоғат ёшидаги ёшларимиз учун айниқса, тарбиявий аҳамияти катта бўлади. 

 

Фильмда бош рольни Асқар Ҳикматов ижро қилган. Бундан ташқари, картинада Севара Солиева, Азиза Бегматова, Муҳаммадисо Абдулхаиров, Тўхтамурод Азизов ва Муҳаммадали Наврўзов ижросидан ҳам баҳраманд бўласиз. Айниқса, Муҳаммадали қаҳрамони ўзгача бўлиб, барча учун қизиқарли бўлиши кутилмоқда. 

Картина суратга олиш ва умуман тайёргарлик жараёни ёзнин энг жазирама вақти- июнь ойида бошланган бўлса, премьераси қаҳратон қишда ўтказилиш арафасида. Премьерада учрашгунча деймиз!

Манзил:

Маъмурият билан алоқа

Сайт маълумотларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, манба кўрсатилиши шарт.

Алоқа:

e-mail:info@popcorn.uz

Stop 00:00:00 Vol