Болалар ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш лойиҳаси доирасида "Imagine" клипи тақдимоти ўтказилди
Яхши маълумки, Ўзбекистон 2-март куни БМТга аъзо бўлган. Бу йил бу санага 23 йил тўлиши муносабати билан UNICEFнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ўзбек шоу-бизнес вакиллари иштирокида катта тадбир ташкил этди.
Хабарингиз бор, бу ташкилотнинг мадҳиясига айланган Жон Леноннинг афсонавий “Imagine” таронаси эстрадамизнинг профессионал ижодкорлари – Лола ва DJ Piligrim томонидан шарқона йўналишда куйланганди. 2014-йил давомида “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенциянинг 25 йиллиги нишонлангани муносабати билан ижро қилинган таронага видеоклип суратга олиниб, шу куни унинг расмий тақдимоти ҳам ўтказилди.
Айнан Жон Леноннинг рафиқаси Йоко Оно хоним бу қўшиқни куйлаш ҳуқуқини Лолага топширган. Лола ва DJ Piligrim “Imagine” лойиҳасининг мамлакат бўйлаб тарқалишига ўзларининг меҳнатини ва ҳиссасини аяшмади.
Тантанали тадбирда UNICEFнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари жаноб Роберт Фудерич чиқиш қилиб, “IMAGINE” кампанияси ҳеч бир бола эътибордан четда қолмаслигига қаратилганлигини алоҳида эътироф этди.
Лола ҳам ўз навбатида бундай хайрли ишга ўзининг ва ҳамкасбининг ҳиссаси қўшилганидан фахрланишини айтиб ўтди. Видеоклип суратга олиш жараёнида олинган фотосуратларни эътиборингизга ҳавола этгандик. Тимур Примқулов томонидан олиб борилган тасвирга олиш ишларида болаларнинг иштирокига алоҳида урғу берилган.
Клип намойишидан сўнг, ташкилотчилар ижодкорларга ўз миннатдорчиликларини билдириб, клип кенг оммага тақдим этишга шай эканлигини маълум қилишди.