“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасининг ҳисобот йиғилиш бўлиб ўтди
Бугун 2015 йил 15 январь куни “Пойтахт” бизнес марказида Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш Кенгаши ҳамда “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасининг 2014 йилги фаолияти якунига бағишланган ҳисобот йиғилиш бўлиб ўтди. Мазкур тадбирда Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш Кенгаши аъзолари, Бирлашма ҳодимлари, устоз санъаткорлар, ёш хонандалар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштрок этишди.
Йиғилишда ўтган йил давомида давлат ва жамоатчилик тадбирларида, хусусан, пахта йиғим-терими мавсумида жойларда уюштирилган концертларда фаол қатнашган хонандалар махсус дипломлар билан тақдирландилар.
Тадбирда сўзга чиқган масъул ҳодимлар концерт дастурлари жонли ижрода ўтишига катта эътибор қаратиш лозимлиги, бу борада йўлга қўйилаётган ишлар ҳақида айтиб ўтишди. Тадбир давомида эстрадада ижод қилаётган хонандалардан, Шаҳзода, Лола, Шоҳруҳхон, Самандар Ҳамроқулов, “Божалар” гуруҳи, “Сурҳон” гуруҳи, Азим Муллаҳонов, Манзура, Ойбек ва Нигора, Алишер Файз, Улуғбек Раҳматуллаев, Собиржон Мўминов, Сардор Раҳимхон ва бир қатор бошқа санъаткорлар, “TARONA Records” компанияси раҳбари, продюсер Сарвар Раҳматуллаев, бастакор Шуҳрат Закиров, шоирлардан Сирожиддин Саид, Фарида Афрўз, шунингдек, санъатимиз ривожига узоқ йиллар муносиб ҳисса қўшган ёши улуғ санъаткорлар, композиторлар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Лола:
- Албатта, ҳар бир ижодкор унинг меҳнати қадрлангани, шу билан бирга мукофотланганидан мағрурланади. Бугунги тадбирдаги кутилмаган ҳолатдан бошим кўкка етди, қувончим чексиз. Бу эса кейинги ижодимга ижобий таъсир қилади ва куч бағишлайди.
Умидахон:
- Бугунги тадбир санъат аҳли учун қувончли воқеаларга бой бўлди. Бир қатор ҳамкасбларимизни муносиб равишда мукотлашгани уларнинг ижодига берилган баҳо, деб биламиз. Барча санъаткорларимизни мен ҳам ўзим номимдан табриклайман ва бу йилги ишларида омад тилайман.
Йиғилиш давомида бу йил ўнинчи бор ўтказиладиган “Шарқ тароналари” фестивали ва унга кетаётган тайёргарлик ишлари ҳақида сўз борди. Ўткан йилларда 62 давлатдан санъаткорлар қатнашган бўлса, бу йилги фестивалга 98 та мамлакатдан иштрок этиш истаги билдирилгани маълум қилинди. Бу борада яна ижодий суҳбатлар ўтказилиши ва оммавий ахборот воситалари ҳодимларига хабар берилиши алоҳида айтиб ўтилди. (Тадбирда алоҳида эътиборимизни тортган “Диёр” гуруҳи бўлди. Шуни ҳам айтиб ўтиш жоиз мазкур гуруҳнинг бир аъзоси ўзгарган, эндиликда Юлдуз ҳамда Али биргаликда ижод қилишмоқда)
Бугунги тадбирда тақдирланган барчани сайтимиз номидан муборакбод этамиз ва келгуси ижодларига улкан зафарлар тилаймиз.