“Гўзаллар ҳам йиғлар эканлар” тез кунда Фарҳод Саидов "Сарбон" гурухидан премьера
Бир неча йиллардан буён ижод қилиб, халқ меҳрини қозониб келаётган “Сарбон” гуруҳи ҳар бир янги ижод маҳсули яратишда профессионал даражада ёндошишлари сабаб ўз муҳлислари ва тингловчиларига эга десак муболаға бўлмайди. Гуруҳ яккахони Фарҳод Саидовни нафақат ҳушовоз хонанда, балки маҳоратли созанда сифатида ҳам яхши биламиз.
Деярли ҳар бир чолғу асбобини профессионал даражада чалиши ва қўшиқлари учун ўзи мусиқа басталашини ҳисобга олсак, бу ижодкорни ҳақиқий маънода истеъдод соҳиби, дейишимиз мумкин.
Хонанда “Гўзаллар ҳам йиғлар эканлар” номли таронани бундан йигирма беш йил илгари ижро этган, аммо айрим сабаблар билан радиоэфирларга узатилмаган ва у ҳақда мухлислари маълумотга эга эмас экан. Мусиқа ва аранжировка муаллифи санъаткорнинг ўзи бўлиб, матни Бобур Бобомуродов қаламига мансуб бу қўшиқни Фарҳод Саидов ўтган йилги концерт дастурида куйлаш учун қайта аранжировка қилди ва ижро этди.
Мазкур таронани санъаткор тез кунда “Ўзбегим таронаси” радиоси орқали мухлисларига туҳфа этиш истагида. Айтганча, “Гўзаллар ҳам йиғлар эканлар” композицияси учун видеоклип клипмейкер Шуҳрат Мавлонов бошчилигида тасвирга олинди. Янги клип сюжет жанрида яратилган бўлиб, ҳозирча клип жараёнларидан фотосуратларни эътиборингизга ҳавола этамиз. Видеомаҳсулот премьерасини эса албатта сайтимиз орқали томоша қиласиз. Кузатиб боринг ва севимли хонандангиз ижодидан баҳраманд бўлинг.