"Ўзбегим таронаси" радиосида "Сенинг танловинг" лойиҳасининг янги мавсуми старт олди!
ФМ 101.00 частотасида фаолият олиб борувчи "Ўзбегим Таронаси" радиостанцияси бугунги кунда қизиқарли лойиҳалари билан нафақат тингловчилар, балки хонандалар қизиқишига ҳам сабаб бўлган. "Сенинг танловинг" радиолойиҳаси ана шундай дастурлардан биридир.
Бу лойиҳада ёш ва умидли ижодкорлар илан бир қаторда маҳоратли хонандалар ҳам ўзларининг ижод намуналари билан иштирок этиб, тингловчиларнинг баҳосига эришадилар. Танлов ғолиблигига эришган тарона эса радио томонидан 1 ой мобайнида исталган вақтда жаранг сочади.
Яқинда бу лойиҳанинг 3-мавсуми ўз якунига етди. Декабрь ойи ҳисоби билан олиб борилган турда қуйидаги иштирокчилар ғолиблик учун курашдилар:
1. Шаҳло Аҳмедова - "Ёдимда ўзинг"
2. Ирода Иралиева - "Осмоним"
3. Мурод Каримов - "Соғиндим"
4. Азиз Раметов - "Учарман"
5. Саидмузаффар - "Севги"
6. "Саёҳат" гуруҳи - "Ёр ишқи"
7. Зоирбек - "Вой бў"
Юқоридаги ижодкорлар орасида кўзга кўринган ва шу вақтгача етарлича мухлислар орттирган хонандалар борлигини ҳам алоҳида эътироф этиш зарур.
5-январь куни ғолиб номи эълон қилинди. Тингловчиларнинг энг кўп овозига сазовор бўлган "Ёр ишқи" таронаси ижрочилари "Саёҳат" вокал чолғу ансамбли финал ғолиби деб топилди. Ансамблнинг яккахон хонандаси Фарруҳ Камолов бастакор сифатида ҳам мусиқалар басталайди. Унинг айтишича, гуруҳ аъзолари доимий ижод билан бандлар. Бугунги кунда яна янги тароналар яратилиб, кетма-кет мухлисларга тақдим этишга шай турибди. Сайтимиз орқали улар учун овоз берган тингловчиларга ўз миннатдорчилигини билдирган "Саёҳат" вокал чолғу ансамблини ғалаби билан қутлаймиз!
Айнан шу кундан эътиборан Дилмурод Ғуломов бошчилигидаги "Сенинг танловинг" радиолойиҳасининг 4-мавсумига старт берилди. Бу турдаги иштирокчилар:
1. Абдумалик Тотли - "Сенсан"
2. Хуршид Арслонов - "Куз ёмғири"
3. Музаффар Мирзараҳимов - "Лолажон"
4. "Садо" ансамбли - "Бойликда"
5. Баҳром Назаров - "Пари"
6. Сарвара - "Қиш"
7. "Сурхон" гуруҳи - "Кўпкари"
Мазкур лойиҳа ҳафтанинг Душанба, Чоршанба, Жума кунлари соат 22:00 дан тунги 00:00 га қадар олиб борилади. Севимли ижодкорингизнинг сизга маъқул келган таронасига овоз бериш учун эса 140-10-10 телефон рақамига қўнғироқ қилишингиз ёки мобиль телефонлар орқали 10100 рақамига СМС хабар йўллашингиз кифоя. Барча иштирокчиларга омад ёр бўлишини тилаймиз!