Ўлмас Оллобергановнинг бир йиллик танаффуси сабаблари...
Миллий эстрада йўналишида ижод қилса-да, мумтоз тароналарни ҳам маромига етказиб ижро этувчи соҳир овоз соҳиби Ўлмас Оллоберганов деярли бир йил давомида ижодий танаффусда бўлди. Албатта, бу танаффуснинг ўзига яраша сабаблари бор, бироқ айни дамда ижодини давом эттираётган хонанда ўтган вақтни ўрнини тўлдириш мақсадида тиним билмай ижод қилмоқда.
Айни кунда бир нечта янги қўшиқлар устида ишлаётган Ўлмас Оллоберганов уларни кетма-кет премьера этиб, мухлисларига тақдим этиш ниятида. Хонанданинг ижодини соғинганлар учун бу кутилмаган туҳфа бўлса ажаб эмас.
Куни кеча тайёр бўлган қўшиқ мўътабар оналар учун яратилгани ва айнан шу янги ижод намунаси тез кунда омма эътиборига хавола этилишини маълум қилган хонанда мухлислари эътиборини соғинганини яширмади. Қўшиқ ҳақида қисқача маълумот бериб ўтадиган бўлсак, Нодир Азимов сўзи ҳамда Иқбол Муҳаммаджонов мусиқаси билан яратилган тарона ''Онам'' деб номланади. Жасур Бадалбоев эса қўшиққа ажойиб сайқал берган.
Мазкур тарона учун видеоклип яратиш ниятида бўлган Ўлмас Оллоберганов клипмейкерлар билан маслаҳатлашмоқда. Яқин кунларда янги қўшиқ ва клип премьерасини ўтказиб юборманг.