Бунёдбек Саидов ва Дилноза Исмияминова оилавий можаро гирдобида
Бунёдбек Саидов ва Дилноза Исмияминова...Бу икки ижодкор ҳам эстрадамизда ўз ўрнига эга бўлган ва кўплаб мухлислар қалбидан жой ола билган маҳоратли хонандалар ҳисобланади.
Аслида хоразмлик бўлган хонанда Бунёдбек Саидов яқинда Тошкентдаги "Истиқлол" санъат саройида навбатдаги яккахон концерт дастурини тақдим этди. Айтиш керак, бу галги дастур аввалгиларига нисбатан анча юқори даражада ва пухта тайёргарлик асосида ташкил этилганди. Бу сафарги концерт дастурида Бунёдбек Саидов бир неча аёл хонандалар билан дуэт тароналар ижро этди. Ана шулардан бири Дилноза Исмияминова билан бирга ижро этилган дуэтдир.
Ўктам Давлетов матни асосида яратилган "Гунда" дея ном олган таронанинг мусиқаси Фурқат Бобожонов томонидан басталанган. Хоразм шевасида маромига етказиб куйланган қўшиқ концерт давомида ҳам кўплаб мухлисларнинг олқишларига сазовор бўлганди.
"Ўзбегим Таронаси" радиосида ўтказилган премьера жараёнида ҳам қўшиқ ана шундай олқишларга, ижобий фикрларга, аъло баҳога эриша олди. тарона премьераси учун ФМ 101.00 тўлқини студиясига Дилноза Исмияминованинг шахсан ўзи ҳам ташриф буюрди. Бунёдбек Саидов эса Хоразмда бўлганлиги туфайли етиб кела олмаганлигини маълум қилган Дилноза Исмияминова кўтаринки кайфият билан бу қўшиқ учун тайёрланган клипни ҳам бир вақтнинг ўзида тақдим этилишини қўшимча қилди.
Бугун сайтимиз орқали "Гунда" таронасига ишланган қизиқарли сюжетга эга бўлган видеони эътиборингизга ҳавола этамиз.
Хоразмлик ижодкорлар томонидан тайёрланган клип сизга ҳам маъқул келиши, шубҳасиз. Видео қадимий Хива шаҳрининг машҳур тарихий "Ичан қалъа" мажмуасида суратга олинган.
Ёрқин тасвирлар, қизиқарли ва ҳаётий сюжет хазиломуз тарзда яратилганлиги билан ҳам кўнглингиздан жой олади. Марҳамат, томоша қилинг ва завқланинг!