Шароф Муқимовдан тез кунда кетма-кет янги премьера тароналарини қарши оласиз
Ҳар бир хонанда янги ижод маҳсули яратиши билан уни тезроқ мухлисларига етказишга ҳаракат қилади. Ижобий фикрлардан руҳланиб янада иштиёқи ошади ва танқидий муносабатлардан ўзига керакли сабоқ олади. Ҳар бир фикр ўз натижасини кўрсатиши табиий.
Куни кеча ёшларнинг севимли хонандаси Шароф Муқимов биз билан боғланиб, янги қўшиқ яратганини хабар қилди. Мазкур тарона ҳақида тўлқинланиб сўзлаган Шароф бу унинг ижодида муносиб ўрин эгаллашига ишонаётгани ва у мухлисларига ҳам манзур бўлишига умид боғлаётганини айтиб ўтди.
Шароф Муқимов:
- Ўзбек халқи азалдан ҳинд киноларига бефарқ эмас, бу қон-қонимизга сингиб кетган, десам ҳам бўлади. Менинг ҳам ҳинд халқи санъатига меҳрим баланд. Бу қўшиғимнинг ғояси айнан ҳинд бадиий фильмини томоша қилганимдан сўнг туғилганини алоҳида таъкидлаб ўтишим лозим. Сабаби, унда ҳинд мусиқасига оид оҳангларни топасиз. Сўзлари ва мусиқаси ҳаёлимга мухрлангани замон уни ёзиб қўйдим, сўнгра матни борасида шоир Бобур Бобомурод билан маслаҳатлашдим. Айрим жойларида тузатишлар киритиб, шеърни тайёр ҳолга келтириб бердилар. Мусиқасида эса бастакор Озода Абдувалиеванинг ҳам хиссаси бор. Аранжировкани Ботир Алиев тайёрлаб берди. Овоз ёзиш студиясида қўшиғим ёзиларкан, қалбимдан ижро этганимни мухлисларимга етказишга ҳаракат қилдим. Хонанданинг юракдан куйлаган қўшиғини ва унга ишланган видеоклипни якин кунларда сайтимиз орқали қарши оласиз.
Шу билан бир қаторда ижодида бироз муддат танаффус қилган хонанда Шароф Муқимов бирин-кетин янги тароналар яратиб, кинофильмларда ҳам суратга тушмоқда. Биз хонандадан яна янгиликларни кутиб қоламиз.