“Интервью” лойиҳасининг навбатдаги меҳмони Масрур Усмонов

Сана: 30.10.2014 5654

6-7 ноябрь кунлари муҳташам “Истиқлол” санъат саройида ўзининг илк яккахон концерт дастурини тақдим этишни ният қилган хушовоз хонанда Масрур Усмонов бугун “Ўзбегим таронаси” радиоси меҳмони бўлди.Интервью лойиҳасини энг қувноқ радио бошловчи Раъно Алимова олиб борди. 

Бошловчининг кутилаётган концерт дастури ва янги тароналар ҳақидаги саволларига жавоб бериб чарчамаган Масрур Усмонов анчагина сирларни ошкор этди. Жумладан, концертда меҳмон хонандалар иштрок этиши, саҳналаштирилган томошалар бўлиши ва янги тароналарининг мавзуси турли эканини айтиб ўтди.

Концертда жами йигирма битта қўшиқ жаранг сочади, аммо янги ижод маҳсуллари ниҳоятда кўпки, улардан айримларини келгуси дастури учун заҳира сифатида сақлаб қўйган экан. 

Жонли эфирда бўлиб ўтган интервью давомида тингловчилар томонидан қизиқарли саволлар берилиб, Масрур Усмонов мухлисларига мазмунли жавоблар йўллади. Самимий ва кўтаринки кайфиятда ўтган дастур хонанданинг концерт олди ҳаяжонига бироз далда бўлди, десак муболаға бўлмайди. Дастур давомида Масрур Усмонов “Ёдингдаму” таронасини жонли тарзда ижро этгани таҳсинга лойиқ. 

Интервью якунида Масрур Усмонов концерт дастури ташкилотчиси Рустам Орипов, режиссёр Нигора Саидалихўжаева ҳамда Дурдона Тўлаганова, шоирлар Тоҳир Муҳаммад, Бобур Бобомурод, Марҳабо Каримова, бастакорлардан Абдурашид Усмонов, Шерзод Шамс, Раҳматжон Нормуродовларга ва қолаверса ўз маъмури ҳамда энг яқин дўсти Абдураҳим Рашидовга алоҳида миннатдорчилик билдирди. 

“Интервью” лойиҳаси тугаб студиядан чиқаётган хонандани яна сухбатга чорладик ва у ҳали ҳеч кимга айтмаган, концерт дастури учун аталган яна бир кутилмаган совға ҳақида гапириб қолди.  

Масрур Усмонов:

- Куни кеча ёзилган янги тарона “Қайнона” деб номланади. Марҳабо Каримованинг шеърий тўпламлари орасида шу номли шеърни ўқиганимда менга таъсирли туюлди. Аслида, эркак хонанда учун қайнона ҳақида қўшиқ куйлаш бироз ўзгача бўлса-да, айнан ижодимга янгилик киритиш мақсадида шу таронани яратдим. Оддий ва самимий сўзлардан иборат шеърга назарим тушгани сабаби, ундаги мавзу ҳаётий эканида эди. Турмушга узатган қизига она тилидан айтилган сўзлар ёш қизларга сабоқ бўлади, деган ниятим бор. Насиб қилса мазкун қўшиғим учун концертда театр актёрлари ижросида саҳна кўриниши намойиш этилади. 

Концертда нафақат саҳна кўриниши, балки турли рақслар ва декорацияга катта аҳамият берилмоқда. Ижодида ранг-барангликка интилган хонанда айни кунларда деярли барча вақтини репитиция жараёнлари билан ўтказмоқда. Хонандага илк концерт дастури омадли ўтишига тилак билдирамиз. 

 

Манзил:

Маъмурият билан алоқа

Сайт маълумотларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, манба кўрсатилиши шарт.

Алоқа:

e-mail:info@popcorn.uz

Stop 00:00:00 Vol