"Бекатдаги одам” инсон ҳаётининг баҳоси, масуълият ҳақидаги фильм.
Ҳаётимиз давомида турли воқеа-ҳодисаларнинг гувоҳи бўламиз. Бирни кўриб фикр қиламиз, бирни кўриб шукр.
Аммо баъзи воқеалардан шундайин таъсирланасиз-ки, қалам тебратиб, одамларга етказишга ҳаракат қиласиз. Ҳаётий ҳодисалардан бирини юксак маҳорат, иқтидор билан қоғозга кўчирган Зулфиқор Мусоқов 2013 йилда янги сценарий яратди. Айнан шу сценарий асосида саҳналаштирувчи режиссёр Темур Мусоқов “Бекатдаги одам” фильмини суратга олди. Фильмда бадавлат инсонинг босар-тусарини билмаган фарзандининг қилмишларини ва улар қандай оқибатларга олиб келишини гувоҳи бўлишингиз мумкин. Картинада намоён бўлган жумбоқлар ечиладими? Албатта Февраль ойида премъераси кутилаётган картинани томоша қилиб саволларга жавоб олишингиз мумкин. Фильмда актёрлардан Ёдгор Саъдиев, Фатхулла Маъсудов, Элбек Зарипов, Раъно Зокирова, Сирожиддин Вафоев ва бошқалар роль ижро этганлар. Саҳналаштирувчи оператор – Азизбек Арзиқулов, саҳналаштирувчи рассом Маша Сошина, фильм директори – Насрулло Саъдуллаев. “Бекатдаги одам” – инсон ҳаётининг қадрини ҳис этишда, масъулиятнинг қанчалар муҳим эканини англашда туртки бўлувчи фильм.