Аутизм касалига дучор ёки ногирон инсон ... Ўзимни синаб кўргим келади.... Акбархўжа Расулов нима учун камнамо...
Нафақат ўзбек кино оламида, балки қўшни давлатлар кино соҳасида ҳам ўз ўрнига эга бўлиб келаётган ёш истеъдодли актёр Акбархўжа Расулов бугунги кунда экранларда ҳам, матбуотда ҳам камнамо. Актёр айни дамда нималар билан банд экани билан қизиқдик.
- Эътибор берсак, сиз матбуотда кам кўринадиган актёрлар сирасига кирасиз. Сабаби, бунга ўзингизда хоҳиш йўқми ёки журналистларининг қалтис саволларими?
- Йўқ, журналистларининг барча саволларига бажонидил жавоб беришга ҳаракат қиламан. Кўп кўринмаслигим бу ўзимни олиб қочишдан эмас, фақат халқ олдидаги савол-жавобларда, интервьюларда устоз актёрлар иштрок этишса ўринли, деб биламан. Ёш бўлиб ақл ўргатгандек кўринишни истамайман. Қолаверса, мен учун муҳуми ишим. Кино ва театрдаги фаолиятим мени кўпроқ ўйлантиради.
- Яқинда бир халқ артистининг "Актёр ўзини сақлаши керак", деган фикрини ўқиб қолдим. Бу фикрга сиз қандай қарайсиз?
- Биласизми, барча буюк шахсларнинг нодир фикрларига қарама-қарши фикр туради-да. Мисол учун, "Етти ўлчаб бир кес", деган гапга жавобан "Ўйчи ўйини ўйлагунча, таваккалчи ишини битиради", деган фикрни келтиришимиз мумкин. Сиз эсалатган фикрга мутлақо қўшиламан, актёр кетма-кет фильмларда чиқавермасдан ўзини сақлай олиши керак. Лекин, вақт ўтиб бормоқда, эртага биз истагандек роллар бўлмаслиги мумкин, бу тарафини ҳам ҳисобга олиш лозим. Энг асосийси актёрга ишониб топширилган ролни қўлидан келсагина, ўзининг ички ҳиссиётига ишонсагина рози бўлиши керак.
- Театрдаги фаолиятингиздан кўпчилик бехабар...
-Театр мен учун мактаб вазифасини ўтайди, десам адашмаган бўламан. Аввал ёш томошабинлар театрида фаолият юритдим. Ҳозирда Баҳодир Йўлдошевнинг "Дийдор" театрида мунтазам равишда бўлмаса-да, баъзан роллар ижро этиб бораман. Мен учун энг қизиғи репитиция, яъни жараён. Менинг касбимга бўлган иштиёқимни тўлдириб турадиган маскан бу театрдир.
- Кинода-чи, биринчи нимага аҳамият берасиз?
- Сценарийнинг драматургиясига аҳамият бераман. Фильмнинг мавзусидан унинг моҳиятини қидираман. Кейин эса рол билан қизиқаман. Ролнинг ички психологик ҳолатини анализ қиламан. Ҳар бир актёр рол танлар экан, 60% юрагига яқин бўлгани учун бўлса, қолган 40% ини иш жараёнида ўзининг маҳорати билан кўрсатади.
- Ҳаммага маълумки, сиз Россия киноматографлари томонидан суратга олинган бир қатор фильмларда суратга тушгансиз. Эшитишимизча, яқиндагина ҳам янги фильмда иштрок этибсиз.
- Ҳа яқинда янги лойиҳанинг суратга олиш ишлари ниҳоясига етди. Лекин бу ҳақда ҳеч қандай маълумот бера олмайман. Сабаби, фильм тайёр бўлмагунча у ҳақда ҳеч қандай информация беришга ҳаққимиз йўқ. Россия киноижодкорлари билан ўндан ортиқ сериал ва фильмларда ҳамкорликда ишладим. Улардан олтитаси экранларга чиққан бўлса, қолгани энди томошабинлар эътиборига ҳавоола этилади.
- Чет давлати кино оламида ўзини намоён этиш, бу ижодкор учун катта омад, шундай эмасми? Қолаверса, катта маҳорат мактаби, дейишимиз ҳам мумкин.
- Албатта, кўп жиҳатдан омад ва бахт, дейишимиз мумкин, аммо ҳамма нарса актёрнинг ўзига боғлиқ. Ҳеч нарса ўз-ўзидан берилмайди, ҳаракат қилиш, интилиш ва аниқ мақсад сари олға бориш керак. Доимий равишда кастингларда қатнашиб тураман, бекор ўтирмайман, ҳаракат қиламан. Ҳамма нарса ниятга ва албатта меҳнатга боғлиқ, деб ўйлайман. Мен болалигимдан чет давлат кинофильмларида рол ўйнашни орзу қилардим. Тўғри айтдингиз, мен учун россиялик режиссёр ва актёрлар билан ишлаш касбий тажрибамни орттиришимга катта ёрдам беради. Шу билан бирга, ўта маъсулият талаб этади. Менга ҳар сафар таклиф билдиришганида, фильм сценарийси бизнинг менталитетимизга зид эмасми, шу томонларини ҳисобга оламан. Келгусида насиб қилса Европа фильмларида ҳам иштрок этиш ниятим бор.
- Ҳар бир актёрнинг ўзи орзу қилган образи бўлади. Сиз ижро этишни истаган рол қайси?
- Мен айнан бир ролни орзу қиламан, деёлмайман. Сабаби, ҳозирги кунда Гамлет ёки Ромео образини яратишдан кўра ҳаётда қийналган, бирор нуқсони бор инсоннинг ички психологик ҳолатини очиб беришни истайман. Бу аутизм касалига дучор ёки ногирон инсон образи бўлиши мумкин. Ана шундай ролларда ўзимни синаб кўргим келади. Агар тариҳий шахслар ҳақида фильм яратилса, мен Жалолиддин Мангуберди, Имом Ал-Буҳорий, Широқ каби қаҳрамонлар образини ижро этишни истардим.
- Ҳозирда нималар билан бандсиз?
- Яқиндагина бир фильмни суратга олиш ишларини тамомладик. тез кунда монтаж ва овозлаштириш ишлари якунланиб катта экранларга чиқади. Бундан ташқари "Ўзбекфильм" киностудиясида янги фильм учун кастингда иштрок этдим. Яқин кунларда суратга олиш ишлари бошлаб юборилади. Янги фильмлар, янги роллар ва янги изланишлар сари олға қадам ташламоқдаман.