Мухлисларини ўйнатган, йиғлатган ва кулдирган Баҳром Назаров
Шоу-бизнес оламида қисқа муддат ичида шуҳрат қозонган, халқимиз назаридан муносиб жой эгаллаган Баҳром Назаров ўзининг илк яккахон концерт дастурини тақдим этди. “Истиқлол” санъат саройи зали мухлислар билан лиқ тўла эди. Ёш бўлишига қарамай, илк концертидаёқ мухлисларни жалб эта олган хонанда дастурини уни биринчи бор халққа танитган “Айрилдим” таронаси билан бошлаб берди. Мазкур қўшиқни ижро этишда 60га яқин мусиқачилардан иборат оркестр қатнашди. Шу қўшиқнинг ўзидаёқ томошабинларга “жон” кирди, барчани диққатини шу таронани билан ўзига қарата олди. Ана ундан сўнг “Мен бўлай”, “Айлонай”, “Ширин-ширин”, “Остона ҳатлаб”, “Кун сайин”, “Жайрона”, “Бир икки ёлғон” каби қўшиқларни бирин кетин ижро этди. Шўх ва рақсбоп тароналарга мос рақсларни “Тумор” рақс ансамблининг лобар қизлари ижро этишди.
Шундан сўнг саҳнада дастур бошловчилари Дилдора Рустамова ҳамда Фатҳулла Маъсудовлар кўриниш беришди. Хонанда Баҳром Назаров омад ва ташриф буюрган томошабинларга ёқимли ҳордиқ тилаган ҳолда Озодбек Назарбековни таклиф этишди. Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбек шогирди ҳақида тўлқинланиб гапирди. У Баҳром Назаров ҳам ҳаётда, ҳам ижодда кўрган қийинчиликларини айтиб ўтди. Унинг илк яккахон концерт дастурига бунчалик кўп мухлислар ташриф буюришини кутмаганлиги, шу саҳнада ўз концертида ҳам бу қадар ҳаяжонланмаганини алоҳида таъкидлаб ўтди. Шу билан бирга бир жуфт қўшиқ куйлаб концерт меҳмонларини хушнуд этди.
Ана ундан сўнг, бошловчилар баралла концертнинг бош қаҳрамони Баҳром Назаровни таклиф этишди. Хонанда “Ошиқ бўлмишам” қўшиғи билан дастурнинг иккинси блогини бошлаб берди. “Алам энди” таронаси эса гўзал рақс дастаси билан бирга тақдим этилди. Сўнг хонанда барчадан диққатини экранга каратишини сўради. Катта экранда 90-йиллар видеотасмага муҳрланган лавҳа намойиш этилди. Ёшгина Баҳром тўй-тантаналарнинг бирида яқинлари даврасида қўшиқ ҳиргойи қиларди. Лавҳа ўз ниҳоясига етар етмас, хонанда “кўриб турган суратингиз онажоним билан сўнги тушган суратим эди, мен онамни жуда соғинаман” дея кўзида ёши билан “Онажоним рўмоли”қўшиғини ижро этди. Бу қўшиқ янграр экан, концерт залидаги барча томошабин хонанда билан бирга кўз ёш тўкди ва мухлислар уни узоқ ҳамда давомли қарсаклар билан қўллаб-қувватлади. Сочи узун қизни кўриб, илҳомланиб, “Сочи билан бўйи тенг қиз кўрдим” номли қўшиқ яратишга ҳам улгурган хонанда бир нечта дилторлар қўшиқлари билан дастурни давом эттирди ва “Суворийлар” рақс ансамблига навбат берди. Улар ўзларининг ноодатий рақслари билан барчани лол қолдирдилар.
Шу билан учинчи блог ҳам бошланди. “Ҳасратим бор” қўшиғи мухлисларга тақдим этилди. Шундан сўнг “Ўзбекистон” номли ватанимизни мадҳ этувчи тарона ижро қилинди. Концерт марҳум устоз санъаткор Муҳриддин Ҳолиқовнинг хотирасига бағишланган “Кечикиш” деб номланган композиция билан давомланди. Сўнг Баҳром назаров томонидан айтилган латифа билан рақсбоп ва шўх қўшиқларга навбат берилди. Бу орада “Ҳурсандой хафа қилди”, “Гулнор” ҳамда рус тилидаги “Люблю тебя” деб номланган мусиқий асарлар жаранг сочди. “Пари пари” қўшиғини куйлаганда эса ҳамма рақсга тушди. Залда “ўйнамаган” бирорта ҳам инсон қолмади. “Дунё саҳнасида” таронаси ижро этилганда саҳнада актёрлар, циркчилар” ажойиб томошаларни тақдим қилишди. Шу билан концерт ўз ниҳоясига етди.
Баҳром Назаровнинг концерт дастури кутилганиданда аъло даражада ўтди. Ҳам кулдирган, ҳам йиғлатган, ҳам “ўйнатган” Баҳром Назаровга мухлислар ташаккурлар изҳор этишди.