Мадина Мумтоз қандай озмоқчи?
Эстрадамизнинг бахтли оналари қаторидан жой олган Мадина Мумтоз озгина танаффусдан кейин яна ижод сари йўл олган. Бу билан ижодда тўхтаган эди демоқчи эмасмиз. У фарзанд тарбиясига, парваришига кўпроқ эътибор қаратди, холос.
Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам янгилик яратиш билан овора эди. Истеъдодли ижодкор кетма-кет учта қўшиқ ижро этганини маълум қилди. Улардан бири тингловчилар эътиборига ҳавола этилиш арафасида.
Мадина Мумтоз “Соғлом бола йили”га атаб куйлаган “Болажон” номли таронани тез кунда муҳлисларига тақдим этади. Бу қўшиқни ҳар тун 6 ойлик фарзанди Муҳаммад Юсуфга куйлаб, кичкинтойга шодлик бағишлаётган бўлса ажаб эмас. Айтгандай, ижодкор полвон ўғлини дунёга келтириш арафасида нақд 24 кило вазн йиғибди. Ортиқча вазндан, қизиқ, қандай халос бўляпти? “Эндигина 10 кило ташладим, ҳали анча ҳаракат қилишим керак”, дейди Мадина Мумтоз. Унинг қай усул билан озмоқчилиги билан қизиққанимизда, ижодкор фитнес машғулотларига қатнаётганини айтиб ўтди.
Албатта, жисмоний тарбия билан шуғулланиш жуда фойдали, аммо билишимизча Мадина қўшимча равишда маҳсус парҳез ҳам тутаётган экан, мутаҳассис билан маслаҳатлашган ҳолда. Яъни ёғли, ширин, шўр, ҳамирли маҳсулотлардан воз кечиб, табиий неъматларни тановвул этаётган экан. Истаги яна 17 килограммга озиш. Аёллар гўзал кўринишга эга бўлиб, ортиқча вазндан халос бўлиш учун нималарга қўл урмайдилар дейсиз!
Катта саҳналарда, турли тадбирларда ижодкорни ўзи истаган кўринишда кўрамиз деган умиддамиз.