Нюшанинг ўзбекистонлик ҳамкасби томонидан суратга олинган клипи хит-парадларда етакчи
Россиялик машҳур хонанда Нюшани Ўзбекистонда ҳам мухлислари талайгина. Мамлакатимизда ҳам яккахон концерт дастурини аншлаг тарзда тақдим этган Нюшани аслида Тошкент билан боғлайдиган сабаблар талайгина.
Нюшанинг асл мухлислари ўзбекистонлик профессионал клипмейкер Баҳодир Йўлдошев билан ҳамкорликда клиплар суратга олингани ҳақида хабардордирлар. Айнан Баҳодир Йўлдошев Нюшанинг хитга айланган "Не перебивай", "Вою на луну", "Выбирать чудо", "Выше" каби қўшиқлар учун видеоклип суратга олган.
Яқинда эса Баҳодир Йўлдошев томонидан Нюшанинг "Цунами" треки учун клип суратга олинди. Клип Америкада тасвирга олинган бўлиб, бугунги кунда Россия хит-парадларида 2 ойдан бери етакчи ўринни забт этиб келмоқда.
Бу эса асосан рақс орқали ҳиссиётлар ифодаланган бу клип кўплаб мухлисларга маъқул келганлигидан далолат беради. Клипда жаҳонга машҳур юлдузлар ҳисобланган Бейонс, Рианна билан бирга ишлаган америкалик раққос G Medison иштирок этган.
Баҳодир Йўлдошев Нюшадан ташқари, чет эл хонандаларидан Максим, "А-Студио" гуруҳи, ўзбек санъаткорларидан эса Шаҳзода, Сўғдиёна билан ишлаган.