Prologue 2018 халқаро кино фестивалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди
27 ноябрь куни Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театрида IV PROlogue халқаро кинофестивалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Фестивалнинг очилиш маросимида ўзбек санъатининг ёрқин намоёндалари актёрлар актрисалар, хонандалар, шунингдек хорижий киноижодкорлар иштирок этишди. Меҳмонлар орасида Россия халқ артисти, “Оскар” мукофоти лауреати Владимир Меньшов, Россияда хизмат кўрсатган артист Михаил Пореченков, актёр Сергей Шакуровлар бор. Тантанали кечанинг яна бир меҳмони асли тошкентлик бўлган киноюлдуз, театр ва кино актёри, Россияда хизмат кўрсатган артист, SCORPION триллерининг бош рол ижрочиларидан бири Фарҳод Маҳмудовдир. Очилиш маросими учун махсус қизил йўлакча ташкил этилди. Тадбир сўнггида ўзбек триллери – SCORPION кинокартинаси намойиш этилди.
"SCORPION" триллери Тошкент, Бухоро, Санкт-Петербург ва Марокашда суратга олинган. Ёшлар ўртасидаги халқаро жиноятчилик ҳақидаги фильмда Фарҳод Маҳмудов, Карим Мирҳодиев, Юлдуз Ражабова, Раъно Шодиева, шунингдек турк актёри Мурат Йилдирим ва рус киноюлдузи Вячеслав Разбегаевлар суратга тушган. Фильм сценарий муаллифи Боб Андервуд , оператор Макс Тцуи .
Картина саундтреки россиялик хонанда Валерия томонидан куйланган.
IV PROlogue халқаро кинофестивали Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, «Ўзбеккино» миллий агентлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Кинематографияни ривожлантириш маркази, Ёш кинематографлар кенгаши ва Ўзбекистон Миллий кинокомиссияси ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.