“СЕВГИ ОВЧИЛАРИ” ФИЛЬМИНИНГ ПРЕМЬЕРАСИ БЎЛИБ ЎТДИ

Сана: 04.04.2014 4612

Олдин хабар берганимиздек 4 апрель куни соат 18:00 да “Алишер Навоий” номли кинотеатрда “Севги овчилари” фильмининг премьераси бўлиб ўтди.   

 

Ёш ва истеъдодли кинорежиссёр Суръат Исломов ҳамкасби Нигора Исмоилова ҳамкорлигида мазкур картинани комедия жанрида суратга олишган. Ёшлар ҳаётида содир бўлиб турувчи турли хил воқеа ва муаммолар фильмнинг асосий ғояси сифатида ёритилади. 

Қизиқ томони тарбиявий аҳамиятга эга кадрлар юмор қилиниб, томошабин хулоса қилишига даъват бериши бўлди. Премьера олдидан фильм ижодкорлари ва суратга олиш жараёнида меҳнат қилган техник ва ижодий ходимларни латофатли актриса Шаҳзода Муҳаммедова таништириб ўтди.  

Фильмда бош роллларни ижро этган Мердан Матвелиев, Севара Солиева, Суръат Исломовлар маҳоратига тан берасиз. Шунингдек, устоз санъаткор Баҳодир Аҳмедов, истеъдодли актриса Нодира Маҳмудова, Жумадулла Раметов, Шаҳзода Муҳаммедова, Мирзабек Ҳолмедов каби тажрибали актёр ва актрисалар жамоасини ҳам кўришингиз мумкин.    

Фильмнинг қисқача мазмуни: Уч қалин дўст. Уларнинг дунёқараши, орзулари турлича. Бири, ҳамма нарсани пул билан ўлчаб, муаммоларни ҳам доим пул орқали ҳал этилади деган ғоя остида яшовчи бойвачча йигит. Иккинчиси жуда ўқимишли, зукко ва кучли билмга эга ўспирин. У илмни ҳамма нарсадан устун қўяди. Учинчисининг эса на пули ва на билими бор. Аммо жуда сезгир ва ҳаракатчан. Хуллас, бу уч оғайнилар уч хил дунёқарашга эга бўла туриб, бир вақтнинг ўзида битта қизга кўнгил қўйишади. Бу омадли ва дилбар қизнинг исми эса Лайло. Қарабсизки, Лайлосига эришмоқ учун уччала мажнунлар ўзаро рақобатлашишади. Қиз кимни танласа улар ана шунда бу рақобатга чек қўйиб, илгаригидек дўст бўлиб қолишга аҳд қиладилар.  

Рақобат жараёнида дўстлар бир-биридан жаҳли чиққан, иложиси бўлса муштлашгиси келган, қўйинким фильмда ажабтовур ҳангомалар-у, комедик воқеалар жамул-жам. Қизиқарлиси, уччала дўст Лайлонинг бир кунлик вақтини уч қисмга бўлишганидир. Қолган қизиқ воқеаларини эса фильмни томоша қилганингиздан сўнг билиб оласиз. Мафтункор Лайло қай бир йигитни танлаганини ҳам...

Премьерадан сўнг томошабинлар билан суҳбатда бўлдик. Билдирилган фикр ва тилаклардан шуни англадикки, фильм барчага манзур бўлган. Буни кинотеатрни тўлдириб турган томошабинларнинг олқишлаши ва билдиражак минатдорчилигидан ҳам билиб олдик. 

Манзил:

Маъмурият билан алоқа

Сайт маълумотларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, манба кўрсатилиши шарт.

Алоқа:

e-mail:info@popcorn.uz

Stop 00:00:00 Vol