Жаҳонгир Позилжоновнинг янги ижод маҳсули катта шов-шувларга сабаб бўлиши аниқ
Эстрадамизда ўзига хос йўналишдаги қўшиқлари ва клиплари билан ажралиб турувчи Жаҳонгир Позилжонов ана шу услубдаги янги ижод маҳсулини тайёрламоқда.
Янги таронанинг номининг ўзи инсон диққатини тортади. "Бақалоқ" дея номланган қўшиқ ёзиш ғояси Жаҳонгир Позилжоновнинг ўзига тегишли. Сўзи ва мусиқа муаллифи эса Бобур Умаров.
Хазиломуз тарзда куйланган тарона учун видеоклип ҳам комедик жанрда тасвирга олинди. Жавлон Шодмонов режиссёрлигида Жонрид Сагдиев томонидан суратга олинган клип қизиқарли сюжетга эга. Бу клипда Жаҳонгир Позилжоновни мутлақо янгича образда кўришингиз мумкин. Тасвирларни кўриб, "Жаҳонгир Позилжонов 100 кгга семирибди" деган хулосага келсангиз, ажаб эмас.
Клип нафақат Тошкентда, балки чет давлатда ҳам суратга олинган. Ижодкорлар Жаҳонгир Позилжоновнинг махсус костюмини ҳам чет элдан сотиб олишга мажбур бўлишди. Махсус мотор ёрдамида сунъий ҳаво орқали ишириладиган бу кийимда Жаҳонгир Позилжонов бироз ноқулайлик сезган бўлса-да, суратга олиш жараёнида ҳаммадан ҳам фаол иштирок этди.
Клипда актёр Нодир ҳамда кулгу устаси Халима Ибрагимова ўзига хос образларни талқин этишган. Бир сўз билан айтганда, бу клипни томоша қилган ҳар бир мухлис юзига табассум югуриши аниқ.
Жаҳонгир Позилжонов ижросидаги янги "Бақалоқ" таронаси тез кунда клипи билан биргаликда "Ўзбегим Таронаси" радиоси ва сайтимиз орқали эътиборингизга ҳавола этилади.