22 август куни пойтахтимиздаги Алишер Навоий номли кино саройида янги “Тунги меҳмон” фильмининг премьераси бўлиб ўтди.
Александр Вампиловнинг “Тўнғич ўғил” асари мотиви асосида яратилган мазкур кинокомедияда оилавий меҳр-мухаббат тушунчалари, икки йигитнинг тунда бошпана топиш мақсадида ёлғон ишлатишга мажбур бўлиши ва ана шу ёлғон натижасида бир оиланинг ўзаро муносабатлари мутлақо ўзгариб кетиши ҳикоя қилинади.
Фильм премьерасига кўплаб кино ихлосмандлари, таниқли санъат вакиллари ва мухлислар ташриф буюрди. Кинокомедиянинг ижодий гуруҳи билан халқимизнинг севимли актери Лутфулла Саъдуллаев таништириб чиқди. Сўнгра Шароф Муқимов “Тунги меҳмон” фильмига ишланган сандтрекни ижро этди.
Хонанда қўшиқни ижро этаётган вақтда унинг рафиқаси Севинч Мўминова қўлида гулдаста билан табриклаётган маҳал беиҳтиёр саҳна ўртасидаги микрофонни ерга тушириб юборди ва бу ҳолат бутун зални жонлантириб юборди. Шароф Муқимовнинг ашаддий мухлислари севимли санъаткорларини совға ва гулдасталарга кўмиб ташлашди.
“Тунги меҳмон” фильмининг ижодий жамоаси билан таништирадиган бўлсак, сценарий муаллифи Ойбек Вейсал ўғли. Постановкачи режиссер ҳамда оператор Талъат Мансуров, продюссерлар – Рустам Мирзаев ва Азиза Усмонжонова. Фильмда бош ролларни Шароф Муқимов, Матёқуб Матжонов, Саида Саидбекова, Санжар Шодиев, Азиза Усмонжонова, Сардорхўжа Музаффаров, Умид Эргашев каби актерлар ижро этишган.
Саида Саидбекова:
“Фильмда кулгили вазиятлардан тортиб, инсонни ўйлантирадиган, йиғлатадиган саҳналар ҳам йўқ эмас. Асосий мавзу фарзандларнинг отага бўлган хурмати, ҳаётда меҳр-оқибат каби тушунчаларнинг доимо улуғланишига қаратилган. Актерлар жамоаси билан ишлаш менга жуда ҳам ёқди. Фильм комедик мелодрама жанрида бўлганлиги сабаб сурата олиш давомида бизларни кулгу, яхши кайфият тарк этмади. Умид қиламанки, “Тунги меҳмон” картинасини мухлислар яхши кутиб олишади. Фильмда асосан оила мавзуси кўтарилганлиги учун уни бемалол оилавий тамоша қилиш мумкин.”
Картина комедик жанрда бўлиб, лекин унда инсонларга бўлган хурмат, катталарни доимо эъзозлаш, яқинларини раъйига қарши бормаслик каби эзгу қадриятлар улуғланади. Бир сўз билан айтганда, бу картинани тамоша қилиш жараёнида нафақат мириқиб дам оласиз, балки қаҳрамонлар ижросидаги холатлардан ўзингизга тўғри хулосаларни чиқарасиз.
Эслатиб ўтамиз, “Тунги меҳмон” кинокомедиясини шаҳримиз кинотеатрларида томоша қилишингиз мумкин.