Далер дам олиш таътилидан унумли фойдаланди
Ёш бўлса-да, кўплаб мухлисларга эга Далер шу кунларда яна бир туҳфа тайёрламоқда.
Ёз мавсуми дам олиш таътилида ҳам ижоддан тинмаётган Далер “Чакки чакки” номли янги тарона тайёрлади.
Ўзига хос йўналишда ёзилган қўшиқ матни Нодир Азимов қаламига мансуб. Аранжировка эса Жасур Бадалбоев томонидан тайёрланган.
Мазкур қўшиқ тақдим этилмасидан аввал унга видеоклип ҳам суратга олинди. Клип эса Дубай шаҳрида тасвирга олинди. Кўпчилик дам олиш учун ташриф буюрадиган мазкур шаҳарга Далер Тимур Примқулов бошчилигидаги ижодий гуруҳ ҳамкорлигида ижод билан шуғулланиш учун ташриф буюрди.
3 кун давомида клип суратга олиш ишлари олиб борилди. Бетакрор табиат манзараси тасвирланган кадрлар томошабин дилини қувончга тўлдиради.
Далернинг айтишича, ҳавонинг ҳаддан зиёд иссиқ бўлганлиги туфайли 3 кун давом этган суратга олиш жараёни бироз мушкул кечган. Бу орада ижодкорлар қуёш нури остида тобланиб, қорайишга ҳам улгуришган экан.
Тез кунларда Далер ижросидаги янги қўшиқ ва унга ишланган видео эътиборингизга ҳавола этилади.