Маданият ва санъат коллежлари, ҳамда ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейлар ёш ижрочиларининг Республика танлови бўлиб ўтмоқда
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 25 март “Ўзбекистон ўқувчи ёшларини тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш тўғрисида”ги 157-сонли ҳамда 2008 йил 13 октябрь “Ўзбекистон иқтидорли ёшларини тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш тўғрисида”ги 226-сонли қарорларга асосан, Ўзбекистон Республикаси маданият, санъат ва мусиқа коллежлари, ҳамда академик лицей ёш ижрочиларининг Республика танлови ўтказилмоқда.
Мазкур танловда, ҳозирги кунгача қатнашган 12000 нафарга яқин иштирокчиларнинг, 1272 нафари танлов лауретлари бўлишди, улардан аксарияти бугунги кунда давлатимизнинг юқори даражадаги мукофотларига эга бўлишди, шу билан бир қаторда, халқаро майдонда машҳур санъаткор, нуфузли қўшиқчи ва бастакор, хизмат кўрсатган ва халқ артистлари бўлиб етишдилар.
2017 йилги Республика танлови Маданият вазирлигининг 2017 йил 1 июндаги “Маданият ва санъат коллежлари, ҳамда ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейлари ёш ижрочиларининг Республика танловини ўтказиш тўғрисида” 291–сонли буйруғига кўра ташкил этилмоқда.
2017 йил Республика танловида мусиқа, санъат ва маданият йўналишидаги ўрта-махсус таълим муассасаларининг 584 нафар ёш ижрочилари қатнашмоқда. Жами иштирокчилар сони (ўқитувчилар ва ўқувчилар) 715 нафарни ташкил этади (Тошкент шаҳри ва вилоятлар).
Танлов 12 та (Фортепиано, Эстрада ижрочилиги, Халқ чолғулари, Торли чолғулар, Дамли ва зарбли чолғулар, Академик хонандалик, Эстрада хонандалиги, Анъанавий чолғу ижрочилиги, Анъанавий хонандалик, Хореография санъати, Театр (томоша) санъати, Фольклор ижрочилиги) мусиқий йўналишларда ташкил этилади. Бунда ўқувчиларнинг мусиқа соҳасидаги қобилиятлари, ижодкорлик намуналари, хамда маҳоратли ижрочилиги ҳайъат аъзолари томонидан баҳоланади.
“Маданият ва санъат коллежлари, ҳамда ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейлари ёш ижрочиларининг” Республика танловининг очилиш маросими Ўзбекистон давлат консерваторияси катта йиғилишлар залида, 2017 йил 7 июнь куни ўтказилди. Ёпилиш ва тақдирлаш маросими ҳам айнан ўша жойда, 15 июнь куни соат 14-00 да бўлиб ўтади.