Ёш ҳонанда Жаҳонгир Сарвинозга атаб қўшиқ куйлади
Асосан “Афсус”, “Айланди бошим” каби тароналари билан машҳур бўлган, бундан ташқари “Ана холос” номли анча оммалашган кинофильм учун шу номдаги саундтрек ижрочиси Жаҳонгир янги қўшиғини тақдим этмоқда.
Бугун “Ўзбегим Таронаси” радиосида Жаҳонгир ижросидаги “Сарвиноз” номли тарона илк бор жаранг сочди. Тарона муаллифи Бобур Умаров бўлиб, қўшиқ тингловчилар томонидан илиқ қабул қилинди.
Мазкур таронага видеолкип ҳам суратга олинди. Айни вақтда монтаж ишлари олиб борилаётган видеоклипни Сарвар Каримов тасвирга олган.
Бизга етказилган сюжет воқеаси ҳақидаги маълумотга қараганда, видеоклип гўзал туйғу – муҳаббатни акс эттириш билан бирга бироз фантастик саҳналарга ҳам эгадир. Бир кўришдаги муҳаббат ошиқ йигитнинг юрагига қай даражада таъсир этиши компьютер графикаси асосида ўзгача тарзда акс эттирилади. Натижани эса клип тайёр бўлгач баҳолашимиз мумкин бўлади.