Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги муносабати билан ўтказиладиган “25” акциясига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 25-июнь куни “Ёшлар ижод саройи”да Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан ўтказиладиган “25” акциясига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Унда тегишли вазирлик ва идора ходимлари, фаол ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан қатор вазирлик ва идоралар кўмагида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллигини муносиб кутиб олиш мақсадида “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо,Ўзбекистоним” шиори остидаги 25 акцияси ташкил этилмоқда.
Акциянинг асосий мақсади – истиқлол йилларида босиб ўтилган тарихий йўл, эришилган улкан ютуқ ва марралар, уларнинг моҳияти ва аҳамиятини ҳар томонлама чуур ҳис этиш, уни кенг жамоатчиликка етказиш, “Ким дигу, ким бўлдик?” деган ҳаётий ҳақиқатни англаган ҳолда ёш авлодда ватанпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлашдан иборат.
“25” акцияси доирасида “Мустақиллик менинг тақдиримда” мавзусидаги тақдимотлар танлови, “Энг улуғ ва энг азиз” шиори остидаги фотосуратлар ва видеороликлар танлови, “Ватанимга дил изҳори” шиори остидаги фотосуратлар ва видеороликлар танлови каби лойиҳалар амалга оширилади. Мазкур танловда 14ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар иштирок этиш ҳуқуқига эгалар. Акция жорий йилнинг 25 июнидан 25 августига қадар давом этади.
Шунингдек, мазкур матбуот анжуманида 27-июнь – оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати фаолиятини оммавий ахборот воситаларида фаол ёритиб келаётган бир гуруҳ журналистлар учун байрам тадбири ҳам ўтказилди. Унда журналистларга ташаккурномалар ва эсталик совғалари топширилди. Марказ фаолиятини ёритиб келаётган сайтлар қаторидан бизнинг сайтимиз ҳам ўрин олди ва сайтимиз жамоаси ташаккурнома ҳамда эсталик совғалари билан тақдирланди.