Юлдуз Усмонова баҳор айёмига туҳфа тайёрламоқда

Сана: 14.03.2014 8022

Бугун Юлдуз Усмонованинг пойтахтимиздаги студиялардан бирига янги қўшиқ ёзиш учун ташриф буюрганлари ҳақида хабар топишимиз билан дарҳол студияга етиб бордик. 

 

Студияга кириб келганмизда афсонавий Юлдузимизнинг жарангдор овозларини эшитиб, кайфиятимиз янада кўтарилди.

Баҳор айёмига бағишланган янги таронадан озгина баҳраманд бўлдик-у, шу заҳотиёқ юракларимизга ўрнашди. 

Қўшиқнинг мусиқаси-ю матни тантана нафасини беради. Баҳор фасли тараннум этилган таронани шунчаки тинглаш мумкин эмас, уни ҳис қилиш зарур. Ана шундагина гўзал туйғулар оламига шўнғиб кета оласиз.

Овоз ёзиш жараёнида танаффус эълон қилингунга қадар бироз кутдик ва Юлдуз Усмонованинг танаффус вақтидан фойдаланиб, кичик суҳбатга тортдик. 

- Чарчамадизми Юлдуз опа?

- Йўқ раҳмат, ёқимли чарчаш тўғрисини айтсам. 

- Баҳор фаслига бағишланган қўшиғингизни тингладик, жудаям ўзгача руҳда, кайфиятни кўтарадиган наволарни сездик. 

- Биласизми, бу қўшиғим ўзим меҳримни бериб тайёрлаяпман. Баҳор шунақа фаслки, инсонларни руҳлантиради, илҳом бағишлайди. Лекин охирги пайт санъаткорлардан менимча фақат мен баҳорни ҳис қиляпман шекилли. Сабаби айнан кўклам ҳақида кайфият кўтарувчи тароналарни эшитмадим. Узоқ вақт бошқа мамлакатда бўлганлигим сабабли ўзбек тилидаги қўшиқлар жамланган янги альбом тайёрланмаганди. Лекин кўплаб мухлислар, тингловчилар янги альбом, янги қўшиқлар талаб қилишмоқда. Ана шуларни ҳам инобатга олиб айни вақтда янги альбом устида иш бошлаганмиз. Шунингдек, аввалги тароналарни ҳозир ҳам кўплаб сўрашади, ана шу тароналардан ҳам янги альбомга қўшиш ниятимиз бор. Бу тароналарни айни вақтда 2-3 та қўшиқларимни ремикс кўринишда тайёрлаш устида ҳам иш олиб боряпмиз. Мен ўзимнинг ичимдаги, дилимдаги ҳис-туйғуларни қўшиқларимга жо айлайман. 

Шу пайтнинг ўзида Юлдуз Усмонованинг ўзлари бизга савол билан юзландилар.

- Нилуфарга зўр ашула ёзиб бердим эшитдингизми?

- Ҳа, аслида биз бу тарона ҳақида озгина маълумот олишга муваффақ бўлгандик. Лекин ҳали эшита олмадик. Адашмасам, қўшиқнинг номи “Чапанигам ўзбегим” дея номланади. Номининг ўзи билдириб турибдики, бу шунчаки ижод намунаси эмас, балки Ватанга бўлган муҳаббат жўш урган тарона. 

- Сиз бу таронани аввал эшитиб кўринг, жуда бошқача руҳдаги тарона. Мана шу халқни қачон ва ким охирги марта эркалаб қўшиқ айтган? Бизни халқимизнинг бутун борлиғи, характери, феълидан келиб чиққан ҳолда ким эркалаган? Шунинг учун ҳам ўз халқини ҳас қилиб, у ҳақида куйламаганлар санъаткор бўла олмайди. У тайёр қўшиқни ижро этувчи ашулачи бўлади! “Чапанигина ўзбегим” қўшиғини ўзим ҳам куйлашим мумкин эди, лекин Нилуфар шу қўшиқни ўзи ижро қилишига руҳсат беришимга эриша олди. Лекин агар таронани тингласангиз, халқ билади бу сўзлар, наво, оҳанглар кимга тегишли эканлигини. Биласизми, бундай таронани куйлашга ҳамма ҳам жасорат қила олмайди. Лекин Нилуфар шу таронани “Менга беринг, мен куйлай” деб кўп ялинди, сўради. Шунда мен “Хўп, сан қўшиқни куйламоқчисан. Лекин сан шу қўшиқни куйлашга, уни ҳис қилишга тайёрмисан?” деганимда, “Ҳа ая чундим, куйлайман-да” деганида, қизимлигига ҳам қарамасдан койиб бердим. “Сан ўзбек халқи ҳақида куйлаяпсанми, уни тилинг билан куйласанг, дилинг билан ҳис қилишинг керак. Эшитганлар “ҳа баракалла, истеъдодига қойил” дейиш даражасида бўлиши керак. Шунда шунчаки қўшиқчи эмас, балки санъаткорга айланасан” деб айтдим. Бироз вақтдан сўнг Нилуфар ўзи келиб бу тарона нафасини тушуниб етганини айтганидан сўнг рози бўлдим бу таронани қизим куйлашига. Ҳозир бу қўшиқни, санъат асари яратилиши устида шахсан ўзим бош-қош бўлиб турибман. Ахир мен уни койисам, фақат бунданда яхши бўлиши учун, ўз ишининг устаси бўлиши учун койийманку. Ўзбек тили бой тил. Сизга айтсам, ўзбек тилида эмас, ўзбекчиликда гап кўп. Миллатимдан шу даражада фахрланаманки, ўз халқимга бўлган ҳисларимни меҳнатим самарасида акс эттирай дейман. Мана ҳозир Наврўз айёмимизга қўшиқ тайёрлаб қўйдим десам ҳам бўлади. Айтмоқчиманки, халқ соғинган ўзбек фарзанди эканман, бу менинг бурчим деб биламан. 

- Яна ижодингиздаги режалар билан ўртоқлашсангиз...

- Мана яқинда янги медиа марказ очиш ҳаракатидамиз. Бу марказда санъат борасидаги барча бўлимлар иш бошлайди. Лекин албатта бу ҳақда батафсил яна суҳбат уюштирамиз. Шунақанги медиа-марказ очамизки, у мана шу халққа, юртга ва албатта юртдошимизга хизмат қиладиган марказ бўлади. Келажакда ҳали бу марказни яна кенгайтирамиз. Айни вақтда чет эл мутахассислари билан келишувга эришиш арафасидамиз. Ҳозир санъатимизда баъзи мутахассислар етишмайди. Бунга балки, қўшиқчиларимизнинг фонограммага ўрганиб қолганлиги ҳам сабаб бўлиб бораётгандир. Баъзи мусиқий мутахассисларни таклиф этмоқчимиз. Шу даражада ишлаш керакки, фонограмма билан жонли ижронинг фарқи қолмасин. Бунинг учун эса имконият бор, ундан фойдаланиш керак. Мусиқа борасида етарлича малакали, профессионал ижодкорлар камдек.  

- Кўп қўшиқларингизнинг матнини айнан ўзингиз ёзасизми?

- Ҳа деярли ўзим ёзаман. Нилуфар куйлаётган “Чапанигина ўзбегим” таронасининг матнини ҳам ўзим ёздим. Халқимиз эркаланишни хоҳлайди, мен буни ҳис қилган ҳолда шу мавзуда ёзишга қарор қилдим. Санъат бу мусобақа майдони бўлиши керак эмас. Соғинган халқимиз мени бўлмаса ҳам , қўшиқларимни талаб қилади. Мен шу халқ учун хизмат қиляпманми, то тирик эканман, янгидан янги асарларни тақдим этишдан асло тўхтамайман. Альбом ҳам, қўшиқлар ҳам яратаман!

 

Манзил:

Маъмурият билан алоқа

Сайт маълумотларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, манба кўрсатилиши шарт.

Алоқа:

e-mail:info@popcorn.uz

Stop 00:00:00 Vol