Тез кунда “Назм ва наво” кечаси номли концерт дастури бўлиб ўтади

Сана: 04.02.2016 4547

Тез кунда “Назм ва наво” кечаси номли концерт дастури бўлиб ўтади

Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда Ёшлар маданият ва санъат маркази томонидан 2016 йил 18 февраль соат 19-00 да “Истиқлол” санъат саройида таниқли шоир ва ёзувчилар, санъаткорлар ҳамда мақом ансамбли иштирокида “Назм ва наво” кечаси деб номланган концерти ўтказилади.

Ёшлар маданият ва санъат маркази томонидан йил давомида маданият ва санъат йўналишида истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидорларини намойиш этишлари учун ижодий муҳит яратиш, анъаналарни тарғиб қилиш ва ривожлантириш мақсадида бир қатор янги лойиҳалар ташкил этилиб, уларга минглаб аҳоли ва ёшлар жалб қилинмоқда.

Концерт дастурида мақом санъатининг юртимиздаги энг сара ижрочилари ҳамда элимиз ардоғидаги устоз санъаткорлар иштирок этадилар. Шулардан, Ўзбекистон халқ артисти Абдуҳошим Исмоилов раҳбарлигидаги “Мақом” ансамбли, Ўзбекистон халқ артистлари Муножот Йўлчиева, Замира Суюнова, Зулайхо Бойхонова, Озодбек Назарбеков, Матлуба Дадабоева, Гулсанам Мамазоитова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Аҳмаджон Дадаев, Шарофат Тожибоева, Тўлқин Жабборов, Элмурод Аҳмедов, Фурқат Ашуралиев, Ғафур ва Ғулом Эшжоновлар, шунингдек, Отабек Мамазоитов, Ботир Қодиров, Малика Эгамбердиева каби таниқли ёш санъаткорлар ҳамда Ўзбекистон бадиий жамоалари бирлашмасининг “Наврўз”, “Навбаҳор”, “Лазги” номли рақс ансамбллари раққосалари иштирок этадилар. Дастурдан халқимиз севган “Муножот”, “Эй сабо”, “Мубтало бўлдим сенга”, “Жунун водийси”, “Эй санам”, “Тановар”, “Мустаҳзод”, “Гулзорим”, “Наззора қил”, “Қошиёсинму дейин...”, “Эй умри азиз”, “Уфори феруз” каби бебаҳо асарлар ўрин олган.

Шунингдек, дастур давомида томошабинлар Ўзбекистон халқ артисти Афзал Рафиқов, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон халқ шоири, сенатор Иқбол Мирзо ва бошқа меҳмон санъаткорларимизнинг бадиий чиқишларидан баҳраманд бўлади.

Манзил:

Маъмурият билан алоқа

Сайт маълумотларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, манба кўрсатилиши шарт.

Алоқа:

e-mail:info@popcorn.uz

Stop 00:00:00 Vol