“Шукур шоу” концерти ҳақида батафсил
25, 26-декабрь кунлари “Истиқлол” санъат саройида Шукурилло Исроилов ўзининг навбатдаги “Шукур шоу” номли концерт дастурини тақдим этди. Мазкур концерт халқимиз учун янги йил туҳфаси бўлди десак муболаға бўлмайди.
Концерт дастури чақалоқ йиғиси-ю она алласи билан бошланди. Шу пайт пардалар кўтарилиб, катта бешикда ётган Шукурилло Исроиловни кўрган томошабинлар кулгудан ўзларини тўхтата олишмади. Уч кун давомида туғилган, туғилиши билан тилга кирган, ҳамширага дил изҳорини баён қилишга улгурган бу чақалоқнинг гап-сўзларидан кейин залда кулгу янада кўтарилди.
Ана ундан сўнг пардалар ёпилиб, саҳнага Ботир Имомҳўжаев ҳамда Маъмур Ҳолмедов ташриф буюришди. Улар дори билан боғлиқ ҳазиллари билан концерт дастурига янада файз киритишди. Шундан сўнг Шукурилло Исроилов савлат билан саҳнани тўлдириб кириб келдилар ва ташриф буюрган мухлисларга ўз миннатдорчиликларини айтиб ўтдилар.
Концерт давомида “Дизайн” жамоасининг вакиллари ҳам ўз чиқишларини, тайёрлаб келган саҳна кўринишларини намойиш қилишди.
Қолаверса Ҳалимахоним дўмбоқ қизлари билан бирга Каниза образида ажойиб таронани ижро этиб берди. Айниқса Шукурилло Исроилов билан Ҳалимахонимнинг Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сардор Раҳимхоннинг “Жамилахоним ёмонлар” таронасига пародия қилиб куйланган дуэт қўшиқлари барчага манзур келди.
Биласизми, концерт давомида “Истиқлол” санъат саройи саҳнасида “Наво шоу” кўрсатувининг янги йил сонининг суратга олиш жараёни бўлиб ўтди. Бу жараёндан кейин томошабинларнинг кўзига кулгудан ёш қалқиди. Айниқса Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Алишер Файзнинг “Рашк қиласанми” қўшиғига ишланган пародия ҳаммасидан ўтиб тушди ва шу тарона билан концертга якун ясалди.
Дастурдан баҳра олганлар дармонда, келмаганлар армонда қолишди. “Концерт дисклари қачон чиқар экан” - деб кутишдан ўзга чора қолмади азизлар. Биз Шукурилло Исроилов ҳамда уларнинг ижодий жамоаси ижодига улкан парвозлар тилаб қоламиз. Биздан йироқлашманг, янгиликларни кузатишда давом этинг.