“Санамжон”нинг сири очилди
Бир неча кундан буён ижтимоий тармоқларда барчани қизиқтириб келаётган “санамжон”нинг ваниҳоят сири очилди. “Янги қўшиқми ёки ичимлик турими?”, “Балки оддий кир ювиш кукунидир?” каби тахминлар энди аниқ жавоб билан алмашди. Бу ҳақиқaтдан ҳам янги тарона экан.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сардор Раҳимхон ижросидаги бу композиция бугун Ўзбегим таронаси радиосининг премьера лойиҳасида жаранг сочди. Мухлислар томонидан илиқ кутиб олинган бу мусиқий асарнинг сўзи уч кишига яъни Ҳуршид Дарвеш, Бобур Бобомурод ва Сардор Раҳимхоннинг ўзига тегишли. “Санамжон”нинг аранжировкасини Аҳмад Ҳожиматов амалга оширган. Таронанинг мусиқаси афғон халқ куйи ҳисобланади. Бу мусиқанинг ҳеч қандай муаллифи йўқ. Хонанданинг маълум қилишича, бу композицияни кўпчилик ижро этган. Аҳмад Зоир, Жонибек Муродов шулар жумласидандир. Мухлислар “ўғирлабди” демасликлари учун хонанда олдин суриштириб, бу куйнинг ҳеч қандай муаллифи йўқлигига ишонч ҳосил қилиб ана ундан сўнг ижро этган. Айни дамда сиз премьера қилинмасиданоқ барчанинг эътиборини торта олган таронани сайтимиз орқали тинглаш имкониятига эгасиз.