Мердан яшираётган ечим қандай?
Ёш, истеъдодли умидли ҳонанда, бундан ташқари моҳир раққос Мердан Метвалиев учун 1 ҳафта кутилмаган, қувноқ ва жиддий воқеаларга бой бўлди. Катта меҳнат ва турли тушунмовчиликлар-у тортишувлар якунда ўз самарасини беришига умид қиламиз.
Гап шунда-ки, Мердан Метвалиев ўзининг навбатдаги ижод намунасини тақдим этиш арафасида. Дилшод Солиҳов қаламига мансуб Дониёр Абдуллахонов томонидан басталанган янги “Азизим” таронасига клип суратга олинди. 1 ҳафта давом этган суратга олиш жараёни якунланиб, айни вақтда монтаж ишлари олиб борилмоқда. Видеоклип эса яқин кунлар ичида popcorn.uz сайтида тақдим этилади.
Шахсан Мердан Метвалиев ғоясини Бегзод Бекжонов камерага муҳрлашга ҳаракат қилди. Клип сюжетга эга бўлиб, қўшиқ мазмуни муҳаббат мавзусига бағишланган. Мердан билан суҳбат чоғида, клипдаги сюжет воқеаси ҳаётда учраб туришини ва бу ёшларга яқин мавзу бўлишини маълум қилди:
-Бугун орамизда ўз ёрига хиёнат қилувчи қизларни ёки йигитларни учратишимиз мумкин. Клип сюжети ва воқеаси ҳақида тўхталадиган бўлсам, йигит ўз севгисига хиёнат қилган қалб эгасини ўзгалар билан кўрганига ишонмайди... лекин у қизни шу қадар севади-ки, хатто уни кечиришга ҳам тайёрдек туюлади. Бироқ хиёнат кечириб бўлмас хатолик... йигит эса албатта қарор чиқариши керак. Воқеанинг ечимини айтмайман, яхшиси клипни томоша қилган вақтингизда ўзингиз хулоса чиқаринг...
Қизиқ.... Қанча илтимос қилмайлик, Мердан фикрида қатъий туриб, ечимини маълум қилмади. Турли фикрлар пайдо бўлишни бошлади, лекин уларнинг қайси бири тўғри қарор бўлишини билиш учун деярли 1 хафта вақт қолди. Сизчи, азиз тингловчилар ва мухлислар, бирорта тахминингиз бордир? Биз албатта сиздан фикрларингизни кутиб қоламиз.
Мақола бошида 1 ҳафталик суратга олиш ишлари Мердан учун қизиқарли ва кутилмаган воқеаларга бой бўлганлигини таъкидлагандик. Мерданнинг айтишича, суратга олиш жараёнининг ўзини бир фильм қилиш мумкин экан. Ҳа, эсласангиз, Мердан Метвалиев бир қатор ўзбек сериаллари ва кинофильмларида роллар ижро қилган. У учун камера қадрдон дўст бўлиб қолган бўлса ажаб эмас.
Ҳонанданинг айтишича, аввало клип суратга олишнинг илк куни суратга олиш якунлангач, сценарийга бироз ўзгартириш киритилган ва бу сюжетни яна қайтадан суратга олишга тўғри келган экан.
Клипда мактабда учрайдиган воқеалар саҳнаси ҳам мавжуд. Келишилган мактабда суратга олиш ишлари шунчалар юксак илҳом билан олиб борилган-ки, ижодкорлар соат неча бўлганлигини ҳам сезмай қолишган. Тунги 00:30 ларда мактаб директори бу жараённи кўриб, вақт алламаҳал бўлганлигини билдириб жаҳл билан клипмейкер билан тортишиб кетган. Бироқ кейинроқ бироз суратга олиш жараёнини кузатиб турган директор эса ижодкорлар меҳнатига қизиқиб қолиб, тунги 03:00 гача мактабдаги суратга олиш майдончасида қолиб кетганлигини сезмай қолган. Сўнгра эса мамнунлик билан бу қизиқ бўлиши билан бирга, мураккаб жараён эканлиги айтган экан.
Ресторандаги суратга олиш вақтида ҳам кутилмаган воқеа юз берган экан. Чироқ устаси машинада ухлаб қолган, ижодкорлар эса нақд 1 соат уни уйғотиш билан вақт сарфлаган эканлар. Ҳа, қизиқ воқеалар. Ана шундай қувноқ муҳитда суратга олинган клип ўйлаймизки, ўз томошабинларини топади. Клип премьераси сайтимизда бўлиб ўтади. Шундай экан, бизни кузатишда давом этинг.
Мерданга эса ижодларида юқори чўққиларни тилаб қоламиз!