Шоҳжаҳон Жўраевнинг жонли ижродаги навбатдаги концерти
11-12 февраль кунлари “Истиқлол” санъат саройида Шоҳжаҳон Жўраевнинг “Дунёнинг жаннати” деб номланган концерт дастури бўлиб ўтади.
Янги йил кириб келди-ю хонандалар ижодининг авж палласи бошланди. Кетма-кет ўтказиладиган концертлар инсонга хушкайфият бағишлайди. Мана навбатдаги концерт дастури: 11-12 февраль кунлари “Истиқлол” санъат саройида Шоҳжаҳон Жўраевнинг “Дунёнинг жаннати” деб номланган концерт дастури бўлиб ўтади. Яна 100% жонли ижрода!
Хонанда ўтган йили ҳам “Шукрона” номли концертини жонли ижродаги куй-қўшиқлари билан ўтказган эди. Бу йил ҳам ўз анъанасига содиқ қолди. Концертда ижро этиладиган қўшиқларнинг биронтаси ҳам ҳали студияларда ёзилмаган. Уларнинг премъерасини концертнинг ўзида тинглайсиз.
Шоҳжаҳон яна бир янгилик билан томошабинларга шодлик улашиш ниятида, яъни концерт давомида саҳналаштирилган театр томошасини кўришингиз мумкин. Қандай томоша эканини эса концертга ташриф буюриб гувоҳи бўласиз. Дарвоқе, ушбу театр томошаси хонанданинг ижодида илк бор акс этади.
Шунингдек, хонанда созандалик маҳоратини намоён этади. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, мусиқа асбобларида куй ижро этиб, қўшиқ айтади. Тасаввур этяпсизми? Ижодкор турли туман янгиликлари билан барчага шодлик улашишига ишончимиз комил.