"Афруз" гуруҳи янги йил байрами арафасида кетма-кет туҳфалар тақдим этишни режаламоқда
2014-йил "Афруз" гуруҳи йигитлари учун омадли келди. Бу йилда уларнинг шахсий ҳаётларида ҳам қувончли янгиликлар кўп бўлди.
2014-йил Жамшидга оталик бахти насиб қилган бўлса, Музаффар ҳам шу йил бўйдоқлик билан хайрлашиб, ўзининг бахт қўрғонини яратди. Гуруҳ ижодий фаолиятида ҳам бир қанча ютуқларга эришди. Хусусан, янгича йўналишдаги қўшиқлар, қизиқарли клиплар ва кутилмаган дуэтлар...
Жорий йил якунида ҳам "Афруз" гуруҳи яна бир қўшиқ ва видеоклип яратишни мақсад қилган. Бугунги кунда кўплаб мусиқа шинавандаларининг севимли санъаткорига айланган Муниса Ризаева билан биргаликда куйланган дуэт учун видеоклип суратга олинади. Клип сценарийси ҳақида сир сақлаган ижодкорлар бу борада клипмейкер Наримон Султонхўжаев билан ҳамкорлик қилишларини маълум қилдилар, холос.
Шунингдек, яна бир янги тарона ҳам тайёр бўлиш арафасида. Элдор Қаюмов сўзи ва Жасур Бадалбоев аранжировкаси асосида ёзиладиган қўшиқ учун хозирча аниқ ном танланмади. Ижодкорларда турлича вариантлар бўлганлиги сабаб улар бир қарорга кела олишмаган. Йил сўнггига қадар "Афруз" гуруҳи йигитларидан ваъда қилинган янгиликларни кутиб қоламиз!