"Берлин - Оққўрғон" фильмининг суратга олиш ишлари якунланди
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, режиссёр Зулфикор Мусоқовнинг янги "Берлин - Оққўрғон" фильмининг суратга олиш ишлари якунланди. Фильмда иккинчи жаҳон уруши билан боғлиқ ўзига хос сиёсий ўйинлар фонида икки ўзбек ва яҳудий оилаларида кечаётган воқеалар акс этган. Мазкур фильм орқали машъум урушнинг аянчли оқибати, турли миллат вакилларининг тақдирлари ҳикоя қилинади. Картинада кўплаб тарихий шахслар ва шу даврга оид маълумотлар ўрин олган. Бу маълумотлар бугунги кун ёшларининг дунёқарашини бойитишгa хизмат қилувчи манба вазифасини бажаради. Шунингдек, фильмда акс этган воқеалар асосий қаҳрамонларнинг ҳаёт йўллари ўсиб келаётган ёш авлодни она ватанга фидойи инсонлар бўлиб етишишида ўзига хос намуна вазифасини ўтайди. Айни кунларда фильм ижодкорлари тақдимотга тайёргарлик кўришмоқда. Яқин кунларда премьера қилиниши режалаштирилган фильмда Раъно Шодиева, Бобур Йўлдошев, Шаҳзода Матчонова, Фарҳод Абдуллаев, ва бошқа кўплаб маҳоратли актёр ва актрисалар иштирок этишган.