Эстрадамизнинг энг ёрқин юлдузи Муниса Ризаеванинг яккахон концерт дастури олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди

Сана: 30.09.2014 6402 қайноқ

Шаҳримизда жойлашган “Анор” кафесида матбуот ва интернет сайтлари ходимлари билан юзма-юз суҳбатда бўлган Муниса унга йўлланган саволларга очиқ-ойдин жавоб берди. Илк савол бизнинг сайт томонидан берилди.

Popcorn.uz:  Вақт ўтгани сари хар бир инсоннинг ҳаётга бўлган қарашлари ўзгариб боради, 3-4 йил аввалги ва ҳозирги кундаги Мунисада қандай ўзгаришлар кузатасиз?

 

Муниса: Албатта уч йил олдин умуман бошқа инсон бўлганман ва ҳозирги кунда 360 градусга ўзгарганман, дейишим мумкин. Бунинг сабаблари кўп, биринчидан санъаткор бўлдим ва табиийки, ҳаётга бошқача қарайдиган бўлдим. Умуман олганда, санъат оламига қадам қўйган инсонда кўп нарсалар ўзгариши табиий. Турли муаммоларга дуч келдим, синовлардан ўтдим, ўйлайманки, бугунги кунда мутлақо бошқа инсонга айланганман. Лекин яна бир нарсани айтиб ўтаман, вақт ўтсада, инсоннинг асл фазилатлари сақланиб қолади, лекин атрофдагиларга нисбатан муносабатлар ўзгараркан.

Popcorn.uz: Сўзларингизни тинглаб яна бир савол туғилди. Кимлардир ўзининг хатосидан ва яна кимлар ўзганинг хатосидан сабоқ олади, сиз?

Муниса: Мен айнан хатолардан дарс олганман, деёлмайман. Бироқ, шоу-бизнесга қадам қўйишим биланоқ бўлиб ўтган воқеалардан ўзимга хулоса чиқарганман. Мен нимадандир сабоқ олиб ўзгармайман. Қандай бўлсам шундайлигимча қоламан, лекин маълум бир нарсалар борки, улардан зарур фикр-мулоҳаза чиқариб оламан.  Ҳозирда ўзимни ўзгартирадиган ёшда эмасман ва бундай ниятим ҳам йўқ. Ҳудди шундай мен кимдандир ёки нимадандир ўрганмайман, фақат ўша нарсага нисбатан муносабатим ўзгариши мумкин. 

 

*****

Шу вақт анжуман иштрокчиларидан бири савол берди.

Журналист: Жаҳонгирдан кейин кетма-кет маъмурларингиз ўзгарди. Бу нима билан боғлиқ?

Муниса: Тўғри айтдингиз, адмнистраторларим ўзгарди. Сабаби шундаки, бу вазифага кўчадан кимнидир таклиф этиб, оз фурсат ичида унга ишониб ишлаб кетолмайсиз. Бу соҳани тушунадиган ва шоу-бизнес ичида юрган инсон бўлиши керак. Бошқа админстраторлар ҳам уни билиши ва қабул қилиши керак. Админстраторлик ишларини нозик томонлари кўп, қонун-қоидаларини тушуниши зарур. Мен доим бизнес билан шуғулланганман, аммо шоу-бизнеснинг ўзига хос бошқача тарафлари борки, уни фақат шу муҳитдаги одамгина тушуна олади. Яхши адмнистраторни топиш осон иш эмас. Жаҳонгир ҳам мен билан иш бошлаган вақтида ҳеч қандай тажрибаси йўқ эди. Бора-бора у ўз ишининг устаси бўлиб, менинг энг яқин ёрдамчимга айланганди. Мен унинг жудаям яхши маъмур бўлганини, тан оламан. Менда умуман бош оғриғи бўлмаган, чунки мен учун барча ишларни Жаҳонгирнинг ўзи ҳал қилар эди. Энг ёмон томони у бизни концерт олдидан шундай вазиятда қолдириб кетгани. 

Popcorn.uz: Шу воқеалар содир бўлишидан олдин ўзингизда қандайдир олдиндан ҳис этиш бўлдими?

Муниса: Мен бундай ҳолат бўлиши мумкинлигини анчадан бери сезардим. Лекин, доим кечиргандим ва унинг қарзларини тўлашига ёрдам бергандим. Бироқ, мен доим позитив инсон бўлишга, ҳаётни ҳар бир дақиқасидан қувонишга, ҳаётимда нимаки содир бўлса уни яхши томонларини кўришга, руҳиятимни тушуриб қўймасликка ҳаракат қиламан. Пул келади ва кетади, у учун инсон ўз обрўсини йўқотиш керак эмас. Мен жамоамдаги йигитларга, ҳеч қачон пулнинг кетидан қувмаслик керак, шундагина унинг баракаси бўлади, инсон пулнинг қулига айланиши керакмас, деб кўп айтаман. 

*****

Анжуман давомида журналистлар томонидан турли саволлар берилди. Уларга Муниса ўз нуқтаи назарини билдираркан, қувноқлик ва ҳушчақчақлик кайфиятида акс этарди. 

Муниса: Биласизми, бундан ўн йил аввал ўзимга жудаям ёққан бир қўшиқни сотиб олганман, аммо шу вақтгача уни ижро этолмаяпман. Адашмасам, ўн беш маротаба студияда ёзмоқчи бўлдим, лекин ҳалигача уддасидан чиқолмаяпман. Уни куйлашим билан кўзларимга нимагадир ёш келади. Қўшиқдаги сўзлар, ундаги дард шу қадар таъсирлики, бу қўшиқни шунчаки куйлаб бўлмайди. Энг қизиқ тарафи, аҳамият берсам, ижро этган ҳар бир қўшиғим ҳаётимга таъсир кўрсатаркан. Ниманидир қаттиқ истаб илтижо қилсангиз у рўёбга чиқади, дейишадику, ҳудди шундай қўшиқларимнинг ҳам менга таъсири катта экан. Аввал бунга эътибор бермагандим, бироқ ҳозир шуни тушуниб етдимки, нимани ижро этсам, қандай мавзуда қўшиқ айтсам албатта ўз таъсирини кўрсатиб, ҳаётимда акс этяпти. Билмадим, балки ҳар бир қўшиғимни олдин ўзимга сингитиб, қалбан ўша қўшиқ билан яшаб, қайта-қайта ижро этиб сўнг оммага тақдим этганим учунмикин... ҳалигача бу саволимга жавоб тополмайман.

Концертда нима янгиликлар бўлади, деган саволга қисқа қилиб: 

Муниса: Концертга томошабин сифатида баҳо бериш ва саҳнада туриб катта дастур тақдим этиш, унга тайёргарлик кўриш, булар мутлақо бошқа-бошқа нарсалар. Ҳозир концерт олдидан бунинг машшаққатини янада ҳис этмоқдаман. Дастурим ҳақида маълумотларни ошкор қилганимдан кўра, ўзингиз ташриф буюриб унга баҳо берарсиз. Фақат бир сирни айтишим мумкин. Нафақат хонандаман балки актёрлик маҳоратим ҳам борлиги ҳеч кимга сир эмас. Мана шу жиҳатларимни концерт дастуримда янада намоён қиламан. Бўлди... бошқа ҳеч нарсани айтмайман (кулади) Агар хатоликлар бўлса, аввалдан узр сўрайман. Шунингдек, менга илк яккахон концертимда яқиндан ёрдам бераётган “Ўзбекнаво” бирлашмасига алоҳида ўз миннатдорчилигимни билдираман. 

*****

Суҳбат давомида етарли даражада қобилияти бўлса-да, нима учун “Голос” танловида иштирок этмаганлиги, ҳамкасб хонандалар у ҳақида турли ёқимсиз гап-сўзлар тарқатишлари ва бунга унинг муносабати ҳақида сўралди.

Муниса: “Голос” телелойиҳасида Севара Назархон билан бир қаторда мен ҳам иштрок этганман ва танловда қатнашиш имкониятини қўлга киритганман. Ҳамма нарса тайёр, билетлар олинган, Москвага учиб кетишимизга бир соат қолганида нимагадир ички овозимга қулоқ тутиб, боришдан бош тортганман. 

*****

Ҳамкасбларимнинг менга бугунги кунда кўрсатаётган муносабатларига очиғини айтсам, умуман аҳамият бермасликка ҳаракат қилмоқдаман. Мени доим “Нима учун мени ёмон кўришади”, деган савол қийнайди. Мен билан кеча бир дастурхон атрофида ўтирганлар, бугун сабабсиз ҳолда ўзгариб қолишгани мени ҳайрон қолдиради. Ҳамма билан бирдек яхши муносабатда бўлсам, бировга зиёним тегмаса, нима уларни бундай ҳолга солди, билмайман... Уларга айтиб ўтганимдек, аҳамият бермайман, чунки мен ҳеч кимга ўзимга бўлган муносабатини ўзгартиришини сўрамайман. Бу ҳар кимнинг ўз фикри ва хулосаси. Аммо, мени ҳурмат қилган ва мен учун ҳам қадрли бўлган хонанда дўстларим йўқ эмас, улар анчагина. 

Суҳбатимиз сўнггида ташриф буюрган журналистларга ўз миннатдорчилигимни билдираман ва барча мухлисларимни концертда кутиб қоламан.

Мунисадаги куч-ғайрат, қувноқ кайфият остида самимийликни яққол кўриш мумкин. Ўзининг ҳатти-ҳаракатида-ю, сўзларида шаддодлик билан бирга оддийлик ва беғуборликни сақлаб қолгани, атрофидагиларга бўлган ҳурмати, дунёқараши, Мунисанинг аслида қандай эканини намоён этади. Ҳа у жуда шўх, шаддод ва керак жойда шартакидир! Феъли шундай. Балки мана шундай бўлгани учун ҳам ҳалқ уни яхши кўрар, нима дедингиз...

 

  

 

 

Манзил:

Маъмурият билан алоқа

Сайт маълумотларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, манба кўрсатилиши шарт.

Алоқа:

e-mail:info@popcorn.uz

Stop 00:00:00 Vol