Тамила билан ҳиссиётлар оламига саёҳат қилинг!
Тамила қатор қўшиқлари ва клиплари билан кўплаб мухлислар орттиришга эриша олган. Клипларининг ноодатийлиги туфайли ҳам мухлислар доим унинг янги ижод намуналарини интиқлик билан кутишади.
Яқинда Тамила томонидан "Сени севаман" номли романтик руҳдаги тарона тақдим этилганди. Нодир Азимов қаламига мансуб шеърга Нажот Агзамов мусиқа басталаган қўшиқнинг аранжировка муаллифи Жасур Абдураҳмоновдир.
Бугун мазкур тарона учун сайтимиз орқали эътиборингизга ҳавола этилаётган видеоклип Тамила учун одатий йўналишга айланиб қолган трек услубида тайёрланган бўлса ҳам, бошқа видеоларидан фарқ қилади.
Клипни тайёрлашда бир неча истеъдодли кишиларнинг меҳнати сингган. Хареография бўйича Наримон Григорян ишлаган. Шунингдек, ҳайвон ўргатувчилар, раққослар, спортчилар, мусиқачилар ва актёрларнинг ҳиссалари катта.
Маҳоратли клипмейкер Тимур Примқулов томонидан тасвирга олинган клипда жонзотларнинг ҳам иштирокига гувоҳ бўласиз. Маълумотларга кўра, жонзотларнниг барчаси ноёб турдагилардан бўлиб, айнан улар билан ишлаш анча машаққатни талаб қилган. Шунингдек, нигоҳлар орқали таронанинг ички мазмуни ёритилганлигига ҳам амин бўлишингиз мумкин.
Тимур Примқулов ғояси асосида тайёрланган клипда қўшиқ мазмунига монанд инсонларнинг қалби тасвирланган. Клипда меҳр муҳаббатсиз ёлғиз яшаш нафақат инсон учун, балки барча тирик мавжудот учун мушкул эканлиги асосий фалсафа сифатида талқин этилган.
Оқ қора рангларда тайёрланган видеода Тамила бир неча образларда намоён бўлган. Клипни томоша қилиб, ўз фикрларингизни қолдиришни унутманг!