“Сени ўзим бой қиламан” фильмининг премьераси бўлиб ўтди
25-апрель куни ваъда қилинганидек, “Сени ўзим бой қиламан” картинасининг тақдимоти ўтказилди. Мазкур тақдимотни юлдузли тақдимот десак муболаға бўлмайди.
Киносарой эшикларидан киришингиз билан катта қизил йўлак, кайфиятни кўтарувчи мусиқа ва томошабинларнинг гавжумлиги эътиборингизни тортади. Бошловчи Жамшид Ҳожиниёзов ҳар бир фильм ижодкорини ўзгача қарши олиб, уларни қизил йўлак бўйлаб, катта залга кузатди. Қизил йўлак атрофида мухлислар ҳар бир ижодкорни ўзгача олқишлаб, кутиб олишди.
Зал тўла. Бўш жой топишнинг ўзи мушкул. Томошабинларни кўп куттирмай, тақдимотнинг бадиий қисмига навбат берилди. Унда барча фильм ижодкорлари катта саҳнага таклиф этилди ва томошабинларга бирма-бир таништириб ўтилди. Картина режиссёри Санжар Шодиевга тўн кийдириб, фильм премьераси билан қутлашди. Кутилмаганда “ComedyUz” резидентлари катта нон билан саҳнага чиқиб келишди ва режиссёрни қутлаб, армияга кузатаётгандек, нон тишлаш маросимини ўтказишди.
Шундан сўнг томошабинлар интиқлик билан кутган фильм намойиши бошланди. Картинада шоу-бизнес олами атрофлича ёритиб берилган. Хонанда ва продюсер можаролари, ёш истеъдод эгаларининг машаққатлари, санъат аҳлининг оилавий ҳаёти, қийинчиликлари барчаси кўрсатиб берилган. Минг бор гапиргандан кўра бир бор кўрган афзал деганларидек, фильмни ўзингиз томоша қилинг ва баҳо беринг.