Қашқадарё вилоятида ўтказилган “Биз – буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остидаги ёшлар фестивали ҳақида батафсил
2016 йилнинг 29-31 март кунлари Қашқадарё вилоятида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан “Биз – буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остидаги ёшлар фестивали ўтказилди.
Фестиваль доирасида ўтказилган тарғибот тадбирларида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдуғани Умиров, Ўзбекистон халқ артистлари Эркин Комилов ва Мирза Азизов, Гулсанам Мамазоитов, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Минҳожиддин Мирзо, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Алишер Турдиев, Сардор Раҳимхон, Турғун Бекназаров, “Ниҳол” давлат мукофоти совриндорлари Отабек Муталхўжаев ва Садулла Бадалов, санъаткорлар Зилола Мусаева (Шахзода), Тоҳир Усмонов, Масрур Усмонов, Алижон Исоқов, Аслиддин Дўстов, Наргиза Яндашева, “Сурхон” гуруҳи, “Уммон” гуруҳи, опера хонандаси Шерзод Набихўжаев, театр актёрлари Нурбек Маматов, Расулхон Қодирхонов, кино актёрлари Гулнора Толипова, Адиз Ражабов, Асқар Ҳикматов, Алишер Узоқов, Умид Искандаров, Сурат Исломов, Муҳаммадали Искандаров, Наргиза Абдуллаева, ёш олимлар Латиф Аллаяров, Пўлат Султонов, шоира Зебо Мирзаева, “Зулфия” мукофоти соҳибалари Меҳриноз Аббосова, Дилбар Холжигитова, “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони совриндорлари Абдулазиз Мўминов, Бахтиёр Мамадалиев ва бошқалар қатнашдилар.
Фестивални ташкил этишдан асосий мақсад – ёшларни мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий жараёнлар, демократик ўзгаришлар билан яқиндан таништириш, уларда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини шакллантириш ва ижтимоий фаоллигини ошириш, ёшларни диний экстремизм ва “оммавий маданият”нинг салбий таъсирларидан асраш, уларни халқимиз ҳамда миллий қадриятларимизга ҳурмат ва садоқат руҳида тарбиялашдан иборат.
Мазкур фестиваль Ўзбекистон “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Васийлик Кенгашининг 2015 йил 10 декабрдаги 65-сонли мажлис қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида 2016 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар Дастури”га мувофиқ ташкил этилмоқда.
Фестиваль доирасида 18 та лойиҳа (“Депутат ва ёшлар”, “Президент асарлари билимдони”, “Ҳоким ва ёшлар”, “Сиз севган қаҳрамонлар”, “Замонамиз қаҳрамонлари”, “Одам савдоси – давр муаммоси”, “Диний экстремизм ва терроризм – ёшлар келажагига таҳдид”, “Оммавий маданият ва ёшлар маънавияти”, “Талабалар театр студиялари”, “Кичик фильмдан катта кинога”, “Ёшлар жонли ижро тарафдори”, “Ватаним – менинг фахрим”, “Ўзбекистонга хизмат қиламан”, “Биз соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз!”, “Виждонли сотувчи”, “Нуронийлар эъзозимизда”, “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!”, “Бу менинг Ватаним!” “Камолот кутубхонаси” лойиҳалари, “Мустақиллик фарзандлари” шиори остида гала-концерт) ўтказилди.
Шунингдек, фестиваль доирасида ҳудуддаги таълим муассасаларида “Оммавий маданият ва ёшлар маънавияти”, “Диний экстремизм ва терроризм – ёшлар келажагига таҳдид” ҳамда “Одам савдоси – давр муаммоси” мавзуларида 1281 та (1123 та умумтаълим мактабларида, 158 та академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида) тарғибот тадбирлари ташкил этилиб, уларда 932 минг нафардан ортиқ (умумтаълим мактаблари 451 минг нафар, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари 137 минг нафар) ўқувчилар жалб этилди.
Фестивалда илк бор барча (шаҳар) туманларда “Ўзбеккино” миллий агентлиги томонидан тақдим этилган қисқа метражли фильмлар (фильм муҳокамалари), “Виртуал олам”, “Гиёҳвандлик”, “Қиёматга қолган қарз”, “Гедонизм. Маҳдудлик ёхуд худбинлик исканжаси” номли ёшларни турли иллатлардан огоҳ этишга қаратилган фильм ва роликлар намойиши ташкил этилди.
Шунингдек, фестиваль доирасида илк маротаба Қорақалпоқ давлат университети “Жайхун” жамоасининг “Тебранмас юраклар” спектакли 6 маротаба намойиши ташкил этилди.
Фестиваль давомида Муборак (10 минг нафар), Нишон (5 минг нафар), Косон (12 минг нафар), Чироқчи (15 минг 400 нафар), Шаҳрисабз (14 минг нафар), Ғузор (12 минг нафар) туманларида ва Қарши (26 минг 500 нафар) шаҳрида эстрада хонандалари иштирокида гала концерт ва футбол-шоулар ташкил этилди.
Фестиваль давомида Республика тарғибот гуруҳлари томонидан вилоятнинг туман ва шаҳарларида 100 дан ортиқ тарғибот тадбирлари ташкил этилиб, уларда жами 127 минг нафарга яқин ёшлар иштирок этди. Фестивалнинг “Мустақиллик фарзандларимиз!” деб номланган якуний гала-концерти Қарши шаҳридаги муҳташам “Насаф” ўйингоҳида бўлиб ўтди. Унда турли номинациялар бўйича ғолиблар номи эълон қилиниб, уларга эсдалик совғалари топширилди.