Шуҳрат Қаюмов яккаҳон концерт дастури учун профессионал даражада тайёргарлик кўрганининг гувоҳи бўлдик

Сана: 07.12.2014 6043 қайноқ

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист, жонли ижронинг маҳоратли устаси Шуҳрат Қаюмовнинг асл муҳлислари бугун муҳташам ''Истиқлол'' санъат саройига жам бўлишди.Уч кунлик, тўлиқ жонли ижрода бўлиб ўтилажак катта концерт дастурининг биринчи куни бошланишиданоқ ҳонанда ва мухлислари ўртасидаги соғинч ҳисси сезилиб турарди.

Дастур Ватанимизни тараннум этувчи қўшиқ билан бошланди. Она юртнинг муқаддас эканини мадҳ этувчи таронага раққосаларнинг ажойиб рақси файз бағишлади.

 

Миллий рухда безатилган саҳнада катта созандалар гурухи жой олган бўлиб, жонли ижронинг муваффақиятли ўтиши учун улар профессионал даражада тайёргарлик кўришган. Илк тарона янграши давомида саҳнанинг бир томонида созандалар иккинчи тарафида карнай сурнай садолари мусиқага жўр бўлиб, байрамона кайфият бағишлади. 

 

Илк тарона ижросидан сўнг, Шуҳрат Қаюмов муҳлисларини бош қомусимиз, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни билан муборакбод этиб, сўнгра, концерт дастури нима учун ''Табибим'' деб номлангани ҳақида маълумот сифатида қискача фикрлар билдириб ўтди: "Ҳар ким табибини излаб яшайди, юртидан йироқдаги инсон учун унинг Ватани табиб, кимнингдир онаси, кимнинг эса боласи табиб...'' Ана шундай таърифлардан сўнг ''Табибим'' номли янги қўшиқ ижро этилди. 

 

Яна бир янги қўшиқ Аҳад Қаюм қаламига мансуб шеър асосида яратилиб, ''Ишқ баҳорида жимман, ишқ бозорида кимман...'' деган мисралар билан бошланди.

Навбатдаги тарона оналарга бағишланганини ҳонанданинг сўзларидан билиш қийин эмасди. Ҳар йили онажонларга атаб қўшиқ яратгани ва ўтган йилги дастурда бундай қўшиқ ижро этилмагани сабабини бир неча бор сўрашганини айтиб, саҳнага театр актрисаси Тути Юсуповани таклиф этди. Рухшона Абдуллаева исмли ёш актриса ҳамда Тути Юсупова бор маҳоратини ишга солиб саҳна кўриниши намойиш этдилар. Онанинг фарзандига ёзган монологини ўқиган Тути Юсупова залдаги барча оналарнинг юрагини титратиб юборди, десак муболаға бўлмайди. Мазкур саҳна кўриниши орқали оналарни ҳар қанча эъзозласак оз экани яна бир бор таъкидланди.

 

 

 

Иккинчи блок мавзунинг давоми сифатида яна онажонларга аталган тарона билан бошланди. ''Офтобим онам, қуёшим онам, баҳорим онам'', дея меҳрибон волидаларимизни улуғловчи гўзал қўшиқнинг матн муаллифи айнан Шуҳрат Қаюмов эканини айтиб ўтишимиз лозим.

 

Навбатдаги ''Отмагай тонг'' қўшиғини ёш хонанда Дилафруз Мирзаева билан дуэт тарзда ижро этишди. ''Ўзбекистон'' ашула ва рақс ансамбли раққосалари эса ўз рақслари билан жўр бўлишди. ''Доим оналар ҳақида қўшиқ куйлайсиз, оталарга атаб ҳам куйланг'', деган муҳлислар таклифини инобатга олган ҳонанда ота ҳақида яратилган янги қўшиғини муҳлислари учун ижро этди.

 

 

Саҳнада яна маҳоратли ёш актриса Рухшона Абдуллаева намоён бўлди ва Зайнаб образида ёри Отабекка йўлланган монологини моҳирона тарзда ўқидики, унинг аламли нолалари томошабинлар кўзини намлади. Монолог якунига Шуҳрат Қаюмов ''Агар ошиқлигим айтсам'', дея бошланувчи ''Ўтган кунлар'' кинофильмида янграган қўшиғини боғлаб кетди. 

 

Кейинги қўшиқни эса Шуҳрат Қаюмовнинг ўзи доира чалган ҳолда ижро этиб, санъаткорга яна уч созанда жўр бўлишди ва қўшиқ сўнггида доирадан сабоқ берган устози Ҳасан Азимовга ўз миннатдорчилигини билдирди. 

Саҳнага қизиқчи Аваз Азизоҳунов таклиф этилди. Учинчи блок бошлангунига қадар қизиқчи томошабинларга ўз латифа-ю, ҳангомалари билан табассум улашди.

 

Барчага таниш ва ёд бўлиб кетган мусиқа садоси остида Шуҳрат Қаюмов саҳнага қайтди. Бу севимли ''Бобби'' ҳинд кинофильмидаги машҳур қўшиқ эди. Юқори маҳорат билан ижро этилган қўшиқ залдаги аксарият томошабинларга ёшлик йилларини ёдига солган бўлса ажаб эмас. Шуҳрат Қаюмов бу қўшиқни ўрганиш давомида талаффузларини тўғри чиқишида катта ёрдам берган Аҳмаджон Қосимовга ҳам ўз ташаккурини айтиб ўтди.

 

Кейинги тарона ҳам кўпчиликка таниш уйғурча ''Гулойим'' бўлиб, рақсида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Муҳаббат Қурбонова ҳиром айлади.

Дастур давомида ҳонанда муҳлисларининг севимли қўшиқларига айланган ''Сизни севолмасам нетай'', "Сиз ўшаму?", "Бу ҳаёт'' каби қўшиқларини ҳам армуғон этди.

Концертнинг якунловчи қўшиғи ''Мустаҳзод'' ҳам жонли ижрода бўлиб, бугунги дастурнинг энг салобатли катта ашуласи ҳам шу эди, десак муболаға бўлмас.

 

Юртимизда 130 дан ортиқ миллат вакиллари истиқомат қилишларини инобатга олиб, ўзга тилларда ҳам қўшиқ куйлай олган ҳонанда юқори даражадаги профессионал ижрочи эканини яна бир бор намойиш этди. Қолаверса, унинг доимий муҳлислари ҳамиша янги ижод намуналарини кузатиб боришлари ва навбатдаги дастур намойишини кутиб соғинишлари сир эмас. 

Асл муҳлисларидан бири бўлмиш водийлик йигирма ёшли имконияти чекланган йигит ота-онаси билан бугун концертга келишди, дастур намойишидан сўнг улар юз кўришганда, севимли ҳонандасининг қўлларини тутган йигитни Шуҳрат Қаюмов дуо қилди. Меҳрибон ва самимий ҳонанда, жонли ижронинг профессионал устаси, онажонларнинг севимли санъаткори Шуҳрат Қаюмовга дастурнинг кейинги кунлари ҳам завқли ва файзли ўтишига тилакдошмиз.

 

 

 

Манзил:

Маъмурият билан алоқа

Сайт маълумотларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, манба кўрсатилиши шарт.

Алоқа:

e-mail:info@popcorn.uz

Stop 00:00:00 Vol